Қонунчиликка кўра, навбатдаги Президент сайлови Президент сайланган муддат тугайдиган йилнинг январь ойининг тўртинчи чоршанбасида ўтказилади ва сайлов кунига камида 4 ой қолганида Жогорку Кенеш томонидан тайинланади.
Шу боис, мазкур Қарор билан Қирғиз Республикаси Президенти сайлови 2027 йил 27 январь, чоршанба кунига белгиланди. Овоз бериш куни иш берувчининг мулкчилик шаклидан қатъи назар, ходимлар иш ҳақи сақланган ҳолда дам олиш куни ҳисобланади.
Жогорку Кенеш Торағаси (парламент раиси) қабул қилинган қарорга изоҳ берар экан, депутатлар ёки Президент номзод сифатида рўйхатга олинган тақдирда, улар ўз ваколатларини тўхтатмай, уларни амалга оширишни давом эттиришини таъкидлади.
Бироқ, қонунчиликка кўра, номзод кўрсатилган пайтдан бошлаб сайлов натижалари аниқлангунга қадар, агар у давлат хизматчиси (давлат хизмати туридан қатъи назар), муниципал хизматчи, оммавий ахборот воситаси ходими бўлса, лавозим ёки хизмат ваколатларини бажаришни тўхтатиб туради.
https://kenesh.kg/ru/posts/17771
Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Жогорку Кенеш “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у билан боғлиқ битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги Қирғиз Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Лойиҳада кўчмас мулк билан боғлиқ рўйхатдан ўтказиш ҳаракатларини амалга оширишда ўзини ўзи тақиқлаш механизмини жорий этиш таклиф этилмоқда. Бунда ҳуқуқ эгаси ўз хоҳишига кўра ўзига тегишли кўчмас мулк объектига нисбатан рўйхатдан ўтказиш ҳаракатларини амалга оширишни бепул тақиқлашга ҳақли.
Ҳуқуқ эгасининг аризасига асосан, Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг ягона давлат реестрига (кейинги ўринда – Давлат реестри) рўйхатдан ўтказиш ҳаракатларини амалга оширишни тақиқлаш тўғрисидаги ёзув киритилади.
Шунингдек, қонун лойиҳасига кўра, ҳуқуқ эгаси ўзини ўзи тақиқлашни бекор қилиш тўғрисида ариза беришга ҳақли. Ўзини ўзи тақиқлашни олиб ташлаш тўғрисидаги ёзув Давлат реестрига киритилган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соат ўтгач кучга киради.
Шу билан бирга, ўзини ўзи тақиқлашнинг мавжудлиги қуйидаги ҳолларда давлат рўйхатидан ўтказишга тўсқинлик қилмайди: қонуний кучга кирган суд ҳужжати ёки ижро ҳужжати асосида, мерос тартибида ҳуқуқ ўтганда ҳамда техник хатоларга тузатишлар киритилганда.
Қонун лойиҳаси муаллифларининг таъкидлашича, ушбу лойиҳа фирибгарликнинг олдини олиш ва фуқароларни, биринчи навбатда, кексаларни учинчи шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли кўчмас мулкини йўқотишдан ҳимоя қилишга қаратилган.
Ушбу қонун лойиҳаси парламент томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон учун долзарблиги
Амалиётда фирибгарлар алдаш, ишончни суиистеъмол қилиш ва психологик таъсир кўрсатиш орқали фуқароларни, айниқса, кексалар ва ёлғизларни уй-жойни сотиш ёки қайта расмийлаштиришга ундаш ҳолатлари учраб туради.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилигига мувофиқ, кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.
Шу муносабат билан, кўчмас мулк объектига нисбатан рўйхатдан ўтказиш ҳаракатларини амалга оширишда ўзини ўзи тақиқлаш механизмини жорий этиш қўшимча ҳимоя воситаси бўлиб хизмат қилиши, ҳуқуқ эгасига эса пухта ўйланган қарор қабул қилиш учун вақт бериши ва мулкни эҳтимолий фирибгарлик йўли билан қайта расмийлаштиришнинг олдини олиши мумкин.
https://kenesh.kg/bills/675157