Эстония парламенти – Рийгикогу ялпи мажлисининг 2026 йил 25 сентябрдаги йиғилишида ҳукумат ташаббуси билан киритилган “Тиббий хизматларни ташкил этиш тўғрисида”ги қонун ва бошқа қонунларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Қонун лойиҳасининг асосий мақсади тиббий маълумотларни шакллантириш, сақлаш ва улардан фойдаланишнинг ягона ҳамда самарали тизимини яратишдан иборат. Бунинг учун тиббий хизматларни молиялаштириш, рецептлар ва тиббий ҳужжатларга оид маълумотларни сақловчи учта алоҳида маълумотлар базасини ягона тизимга бирлаштириш таклиф этилмоқда.
Хусусан, Тиббий суғурта жамғармаси маълумотлар базасида сақланадиган даволаниш билан боғлиқ ҳисоб-китоблар ва Рецептлар марказидаги рецептлар тўғрисидаги маълумотларни Тиббий ахборот тизими (TIS)да сақланадиган тиббий ҳужжатлар билан бирлаштириш назарда тутилмоқда.
Маълумотлар базаларининг бирлаштирилиши тиббий маълумотларни узатиш ва улардан фойдаланиш жараёнини соддалаштириши кутилмоқда. Шунингдек, маълумотларни тақдим этувчи субъектларга тушадиган маъмурий юкни камайтириш, тиббий ахборот тизимини юритиш билан боғлиқ ҳуқуқий нормаларни тизимлаштириш ҳамда бир хил маълумотларни турли тизимларга такроран киритиш ҳолатларини камайтириш мақсад қилинган.
Қонун лойиҳаси тиббий маълумотларнинг сифати, ишончлилиги ва фойдаланиш имкониятини ошириш, тиббий соҳада назоратни самарали ташкил этиш ҳамда келгусида тиббий хизмат кўрсатувчиларнинг маълумотларни электрон шаклда тақдим этишини янада соддалаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, ўзгартиришлар тиббиёт соҳасида натижага асосланган молиялаштириш тизимини жорий этиш ва маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилиш учун ҳуқуқий асос яратишга қаратилган. Амалдаги тизимда тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ клиник маълумотлар, молиявий маълумотлар ва рецептлар тўғрисидаги маълумотлар турли маълумотлар базаларида сақланади. Гарчи уларнинг мақсади ва амалиётдаги қўлланилиши ўзаро узвий боғлиқ бўлса-да, ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатдан алоҳида тартибга солинган.
Маълумотларни ягона тизимга бирлаштириш орқали тиббиёт соҳасини маълумотларга асосланган, самарали ва шаффоф бошқариш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилмоқда.
Бепуштликни даволаш ва жинсий ҳужайралар донорлигига оид маълумотларни тартибга солиш
Қонун лойиҳасида бепуштликни даволаш ҳамда жинсий ҳужайралар донорлиги билан боғлиқ маълумотларни йиғиш тартибини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур маълумотларни Тиббий ахборот тизимига бирлаштириш орқали донорлик ҳужайраларидан турли тиббий муассасаларда фойдаланилишини кузатиш ва битта донордан туғилиши мумкин бўлган болалар сонини чеклаш имконияти яратилади.
Шунингдек, ушбу маълумотларни марказлаштириш Эстонияда бепуштликни даволаш хизматларининг самарадорлиги ва хавфсизлиги тўғрисида тегишли тиббий ҳамда ахлоқий маълумотларни шакллантириш, сунъий уруғлантириш билан боғлиқ тиббий статистикани тизимлаштириш ва Эстонияда бепуштликни даволаш хизматларини кўрсатувчи тиббий муассасалар фаолиятини ўзаро ҳамда халқаро даражада таққослаш имконини беради.
Ўзбекистонда ҳам соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, тиббий маълумотларни электрон шаклда шакллантириш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш жараёнларини ахборот технологиялари асосида такомиллаштириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Шу нуқтаи назардан, Эстониянинг тиббий маълумотларни бир нечта алоҳида маълумотлар базасидан ягона ахборот тизимига интеграция қилишга қаратилган ёндашуви Ўзбекистон учун ҳам амалий аҳамиятга эга.
Айни пайтда тиббий хизмат кўрсатиш, дори воситалари ва электрон рецептлар, тиббий суғурта ҳамда тиббий статистикага оид маълумотларнинг турли ахборот тизимларида шакллантирилиши маълумотларни такроран киритиш, идоралараро ахборот алмашинувини таъминлаш ва маълумотларнинг яхлитлигини сақлаш билан боғлиқ масалаларни юзага келтириши мумкин.
Эстония тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда тиббий хизматлар, электрон рецептлар, тиббий молиялаштириш ва тиббий ҳужжатларга оид маълумотларни ягона рақамли муҳитда интеграция қилиш имкониятларини ўрганиш мумкин. Бунда тиббий маълумотларнинг махфийлиги, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқи ва киберхавфсизлик талабларини таъминлаш алоҳида ҳуқуқий кафолатлар билан мустаҳкамланиши лозим.
Шунингдек, тиббий маълумотларни марказлаштириш натижасида уларнинг сифати ва ишончлилигини ошириш, тиббий хизматлар самарадорлигини баҳолаш, натижага асосланган молиялаштириш механизмларини ривожлантириш ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида маълумотларга асосланган бошқарув қарорларини қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш мумкин.
Истиқболда Эстония тажрибаси асосида Ўзбекистонда тиббий маълумотларнинг ўзаро интеграциялашувини кучайтириш, электрон тиббий маълумотларни ягона стандартлар асосида юритиш, электрон рецептлар ва тиббий ҳужжатларни ягона ахборот муҳитида бирлаштириш, тиббий статистика сифатини ошириш ҳамда тиббий муассасалар ўртасида маълумот алмашинувининг ҳуқуқий ва техник механизмларини такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқиш мумкин.