
Парламент тадқиқотлари институти томонидан сўнгги икки йилда Қирғиз Республикаси Жогорку Кенешида амалга оширилган институционал ислоҳотлар ўрганиб чиқилди.
Жогорку Кенеш – Қирғиз Республикасининг бир палатали парламенти бўлиб, беш йил муддатга сайланадиган 90 нафар депутатдан иборат.
I. Парламент фаолиятига оид асосий ислоҳотлар
1. 2025 йил 30 апрелда қабул қилинган Конституциявий қонун билан парламент сайловлари аралаш сайлов тизимидан мажоритар тизимга ўтказилди. Депутатларни сайлаш учун 30 та кўп мандатли ҳудудий сайлов округи тузилиб, уларнинг ҳар бирида 3 нафардан депутат сайланиши белгиланди.
2. 2025 йил 25 сентябрда Жогорку Кенеш тарихида биринчи марта ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ўзини ўзи тарқатиб юборишдан мақсад иккита муҳим сиёсий воқеа: 2026 йил ноябрь ойида бўлиб ўтиши керак бўлган парламент сайловлари ва 2027 йил январь ойида бўлиб ўтиши керак бўлган президентлик сайловлари ўртасидаги вақт оралиғини узайтириш билан изоҳланган.
2025 йил 30 ноябрь куни янги сайлов тизими (мажоритар тизим) бўйича парламент сайловлари бўлиб ўтди.
3. Жогорку Кенеш “рақамли парламент” тизимига ўтишни амалга оширмоқда. Жумладан, тегишли қўмиталар мажлисларида онлайн иштирок этиш имконияти таъминланди. Қонун ижодкорлиги ва ҳужжат айланиши жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилди. Махсус “e-kenesh” мобил иловаси ишлаб чиқилди. Сунъий интеллект элементлари фаол жорий этилмоқда. Жамоатчилик қабулхонаси рақамли платформага ўтказилди.
II. Парламент томонидан амалга оширилган асосий ислоҳотлар
1. Тадбиркорлик ва инвестицияларни жалб қилиш йўналишида:
2025 йил 26 июнда “Қирғиз Республикасида инвестициялар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Унда маҳаллий ва хорижий инвесторлар томонидан республика ҳудудида тўғридан-тўғри инвестицияларни амалга оширишда юзага келадиган муносабатлар тартибга солинди.
2025 йил 19 июнда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг солиқ юкини камайтиришни назарда тутувчи Қонун қабул қилинди. Қонун билан транспорт воситаларига мол-мулк солиғи бекор қилинди. Қишлоқ хўжалиги ерларига солиқнинг ноль ставкаси 2030 йил охиригача узайтирилди. 2022 йил 1 январгача бўлган давр учун солиқ текширувлари тақиқланди.
2026 йил 25 июнда қабул қилинган Қонунда креатив индустрия, IТ-сектор, умумий овқатланиш ва чорвачилик субъектлари учун солиқ имтиёзларини тақдим этиш ҳамда кўмир қазиб олиш саноати корхоналари учун асосий қарздорлик суммасини тўлашда пеня ва солиқ санкцияларини ҳисобдан чиқариш назарда тутилган.
2. Нотижорат ташкилотлари йуналишида:
2024 йил 2 апрелда қабул қилинган Қонун билан қонунчиликка чет эл вакили вазифасини бажарувчи нотижорат ташкилот тушунчаси киритилди.
Чет эл вакили вазифасини бажарувчи нотижорат ташкилот – Қирғиз Республикасида ташкил этилган, чет давлатлардан, уларнинг давлат органларидан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет эл фуқароларидан, фуқаролиги бўлмаган шахслардан ёки улар томонидан ваколат берилган шахслардан пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни оладиган (давлат иштирокидаги очиқ акциядорлик жамиятлари ва уларнинг шуъба жамиятлари бундан мустасно) ҳамда Қирғиз Республикаси ҳудудида амалга ошириладиган сиёсий фаолиятда, шу жумладан чет эл манбалари манфаатларини кўзлаб иштирок этадиган нотижорат ташкилот.
Ушбу ташкилотларга оммавий реестрда мажбурий рўйхатдан ўтиш, материалларни маркировкалаш ва ҳар йили мустақил аудит ўтказиш вазифалари юклатилди. Бундан ташқари, Адлия вазирлигига мазкур ташкилотларни текшириш бўйича кенгайтирилган ваколатлар, ҳамда ташкилот фаолиятини олти ойгача бўлган муддатга судсиз тўхтатиб туриш ва кейинчалик суд тартибида тугатиш имконияти берилди.
2024 йил 26 декабрда “Диний эътиқод эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Қонун диний ташкилотларни ҳар 10 йилда қайта рўйхатдан ўтказиш тартибини жорий этди. Диний фаолиятни амалга ошириш жойларини чеклади. Рўйхатдан ўтган диний таълим муассасаларидан ташқарида диний фанларни ўқитишни ва жамоат жойларида диний адабиётларни тарқатишни тақиқлади. Бундан ташқари, жамоат жойларида фуқаронинг шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кийимларни кийганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилди.
2025 йил 25 июнда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонун барча оммавий ахборот воситаларини, шу жумладан онлайн нашрларни мажбурий рўйхатдан ўтказишни белгилади. Хорижий таъсисчининг иштироки учун устав капиталининг 35 фоизи миқдорида чеклов ўрнатилди. Шу билан бирга, Қонунда цензурани тақиқлаш, ахборот манбаларини ҳимоя қилиш кафолатлари ҳамда давлат органларининг журналистлар сўровларига жавоб бериши учун уч кунлик муддат белгиланди.
2025 йил 21 октябрда қабул қилинган Қонунга кўра, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, диний ташкилотлар ва кооперативларга даромадлари, харажатлари ва мол-мулки тўғрисида солиқ хизматига ҳар йили ҳисобот бериш мажбурияти юклатилди.
3. Рақамлаштириш йўналишида:
2025 йил 18 июнда шахсий маълумотлар, телекоммуникация хизматлари, рақамли платформалар ва сунъий интеллект билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи ҳужжат – Қирғиз Республикасининг Рақамли кодекси қабул қилинди.
2025 йил 20 мартда миллий рақамли валютанинг ҳуқуқий мақомига оид Қонун қабул қилинди. Бу эса Миллий банкка “рақамли сом”ни синов режимида ишга тушириш имконини берди.
Бугунги кунда парламентда рақамли далиллар тушунчасини жорий этиш ва кибержиноятларга оид ишлар доирасида виртуал активларни мусодара қилиш имкониятини назарда тутувчи қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.