Болгария Миллий Ассамблеяси “Олий таълим тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Вазирлар Кенгаши томонидан киритилган лойиҳа талабаларнинг тўлов асосида ўқиши, стипендия билан таъминланиши ҳамда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тўловларни белгилашга тааллуқли.
Қонун лойиҳасига кўра, давлат томонидан молиялаштириладиган ўринларда кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларга Давлат бюджетидан стипендия тўлаш назарда тутилмоқда. Лойиҳа ташаббускорларининг таъкидлашича, ушбу ёндашув таълим шакллари бўйича академик талаблардаги фарққа эмас, балки давлат томонидан молиялаштириладиган таълимнинг хусусиятига асосланган.
Шунингдек, олий таълим муассасаларининг академик кенгашларига ўқишга кириш учун ариза бериш тўловларини мустақил белгилаш ваколатини бериш таклиф этилган. Бунда мазкур тўловларни Вазирлар Кенгаши томонидан қўшимча равишда тасдиқлаш талаб этилмайди.
Қонун лойиҳасига илова қилинган тушунтириш хатида мазкур ўзгартириш олий таълим муассасаларига қабул жараёнларини режалаштириш ва ўтказишда кўпроқ мустақиллик бериши қайд этилган. Натижада қабул муддатлари олий таълим муассасаси раҳбарияти томонидан белгиланган тўловларни тасдиқловчи алоҳида ҳукумат ҳужжати қабул қилинишига боғлиқ бўлмайди.
Ўзбекистон учун долзарблиги
Ўзбекистонда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ–81-сон Фармони асосида давлат грантларини ижтимоий-рағбатлантирувчи грант ва таълим гранти шаклида ажратиш тизими жорий этилган. Таълим гранти биринчи курсда кириш имтиҳонлари натижалари бўйича, кейинги курсларда эса талабаларнинг академик кўрсаткичлари ва ижтимоий фаоллиги асосида қайта тақсимланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 мартдаги “Олий таълим ташкилотларида талабаларга грантларни тақдим этиш ва қайта тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 149-сон қарорига мувофиқ, тўлиқ таълим гранти ўқитиш харажатларини тўлиқ қоплаш ва стипендия тўлашни, тўлиқ бўлмаган таълим гранти эса контракт қийматининг 50 фоизини қоплашни назарда тутади.
Болгарияда давлат бюджетидан стипендия ажратишни давлат томонидан молиялаштириладиган ўринларда кундузги таълим шаклида ўқиш билан боғлаш таклифи Ўзбекистондаги грант ва стипендияларни табақалаштириш амалиёти билан мазмунан уйғун. Шунингдек, Болгария олий таълим муассасаларининг академик кенгашларига ўқишга кириш учун тўловларни ҳукумат тасдиғисиз белгилаш ваколатининг берилиши институционал мустақилликни кенгайтиришга қаратилган. Ўзбекистонда ҳам молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасалари тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга.
https://www.parliament.bg/bg/news/ID/6605