Ортга қайтиш Чоп этиш

Мактабларнинг болаларга мўлжалланган ошхоналарида пластмасса идиш-товоқлардан фойдаланиш тақиқланмоқда

 

2026 йил 4 июнь куни Франция парламенти Миллий Ассамблеяси ялпи мажлисида “Ёш болаларга хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш муассасаларида ва мактабларда пластмасса идиш-товоқлардан фойдаланишни тақиқлашга қаратилган” қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, маъқулланди.

Францияда 2025 йил 1 январдан бошлаб мактаб ва университет ошхоналарида, болалар боғчаларида, шунингдек, ҳомиладор аёллар, чақалоқлар ва ёш болалар жойлаштириладиган тиббиёт муассасалари бўлимларида “пластмасса идишлар”дан фойдаланиш тақиқланган эди. Бироқ, “овқат тайёрлаш, иситиш ва тарқатиш учун мўлжалланган пластмасса озиқ-овқат идишлари” тушунчасининг қонунчиликда аниқ белгиланмаганлиги ҳақиқатдан ҳам ҳуқуқий ноаниқликка сабаб бўлган.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, мактаб ошхоналарида ҳамда болаларга хизмат кўрсатувчи бошқа муассасаларда пластмасса идиш-товоқлардан фойдаланишни тақиқлашга оид амалдаги қоидалар кенгайтирилмоқда.

Хусусан, қонун лойиҳасида бундай муассасаларда пластмассадан тайёрланган:

ликопчалар; 

стаканлар; 

контейнерлар;

ошхона анжомлари (қошиқ, санчқи, пичоқ ва бошқалар)дан фойдаланишни аниқ ва бевосита тақиқлаш назарда тутилмоқда.

Юқорида назарда тутилган чора болалар овқатланадиган муассасаларда бир марта ёки кўп марта ишлатиладиган пластик маҳсулотлардан фойдаланишни чеклаш ҳамда соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги талабларни кучайтиришга қаратилган.

Мазкур қонун лойиҳаси кейинги босқичда Франция парламенти Миллий Ассамблеяси ялпи мажлисида иккинчи ўқишда кўриб чиқилиши режалаштирилган. 

https://www.assemblee-nationale.fr/dyn/17/dossiers/interdiction_vaisselle_plastique_17

https://www.vie-publique.fr/loi/303475-fin-vaisselle-plastique-cantine-scolaire-et-creche-proposition-de-loi