Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлисида гиёҳвандликка қарамлиги бўлган шахсларни айрим лавозимларга ишга қабул қилишга оид қонунчиликни кучайтириш масаласи муҳокама қилинди. Ушбу ташаббус Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартиришлар доирасида кўриб чиқилмоқда.
Қонун лойиҳасига кўра, тиббий кўрик хулосаси асосида гиёҳвандликка қарамлиги аниқланган шахслар учун фаолият юритиш чекланган лавозим ва касбларга уларни ишга қабул қилиш ёки меҳнат муносабатларини давом эттириш тақиқланади. Бундай лавозимлар рўйхати ваколатли ижро этувчи орган томонидан белгиланади.
Ушбу талабларни бузган мансабдор шахслар учун жавобгарлик белгиланиб, уларга 3000 манат миқдорида жарима қўлланилиши назарда тутилган. Бу чоралар хавфсизликни таъминлаш мақсадида жорий этилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳасида тиббий кўрик хулосасисиз, айрим лавозимларга ишга қабул қилиш ҳолатлари ҳам ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланади. Бундай ҳолатларда мансабдор шахсларга 1000 манат миқдорида жарима солинади.
Тиббий маълумотнома талаб этиладиган соҳаларда ишга қабул қилиш жараёнларида назоратни кучайтириш масаласи ҳам алоҳида қайд этилган. Бу талаблар ходимларнинг соғлиғи ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Қонун лойиҳаси Миллий Мажлисда муҳокама қилиниб, биринчи ўқишда маъқулланди. Тегишли ўзгартиришлар меҳнат муносабатларида интизом ва назоратни кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.