
Европа Иттифоқида сунъий интеллект тўғрисидаги қонунни соддалаштириш ва “сунъий яланғочлаштириш” дастурларини тақиқлаш бўйича келишувга эришилди
Европа Иттифоқи қонун чиқарувчилари сунъий интеллект тўғрисидаги қонун талабларини хизмат кўрсатувчилар учун соддалаштириш, шу билан бирга, унинг асосий қоидалари ва хавф-хатарларга асосланган ёндашувини сақлаб қолиш бўйича келишувга эришди.
Европа парламенти ҳамда Кенгаш музокарачилари жорий йилнинг 8 май куни рақамли технологияларни ривожлантиришга қаратилган комплекс чоралар пакети доирасида Европа Иттифоқининг “Сунъий интеллект тўғрисида”ги Қонунига айрим ўзгартиришлар киритиш бўйича дастлабки келишувни маъқуллади.
Унга кўра, сунъий интеллектнинг юқори хавфли тизимларига оид айрим қоидаларни қўллаш муддатлари кечиктирилмоқда. Хусусан, биометрик маълумотлардан фойдаланувчи ҳамда инфратузилма, таълим, меҳнат муносабатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва чегара назорати соҳаларида қўлланиладиган юқори хавфли сунъий интеллект тизимларига нисбатан талаблар 2027 йил 2 декабрдан кучга киради.
Шунингдек, хавфсизлик компонентлари сифатида фойдаланиладиган ва Европа Иттифоқининг хавфсизлик ҳамда бозор назоратига оид тармоқ қонунчилигига тушадиган сунъий интеллект тизимларига нисбатан қоидалар 2028 йил 2 августдан амал қила бошлайди.
Қонунга мувофиқ, сунъий интеллект ёрдамида яратилган контентга рақамли “сув белгиси” қўйиш мажбурияти ҳам 2026 йил 2 декабрга қадар кечиктирилди. Мазкур технология сунъий интеллект орқали яратилган материалларни аниқлаш ва кузатиш имконини беради.
Келишув доирасида инсонларнинг интим аъзолари ёки уларнинг жинсий ҳаракатларда иштирокини розиликсиз тасвирлайдиган, шунингдек, болаларга нисбатан жинсий зўравонлик саҳналарини акс эттирувчи материалларни яратувчи сунъий интеллект тизимларини тақиқлашга ҳам келишиб олинди.
Тақиқ бундай контент яратиш мақсадида сунъий интеллект тизимларини Европа Иттифоқи бозорига чиқариш, етарли хавфсизлик чораларисиз тарқатиш ҳамда ушбу тизимлардан фойдаланиб, шундай материаллар тайёрлаш ҳолатларига нисбатан қўлланилади. Бу талаблар тасвир, видео ва аудиоматериалларга ҳам тааллуқли бўлади. Компанияларга ўз тизимларини янги талабларга мослаштириш учун 2026 йил 2 декабргача муддат берилади.
Шу билан бирга, сунъий интеллект соҳасида такрорланувчи талабларни қисқартириш ва ҳуқуқни қўллаш тизимини марказлаштириш бўйича қатор ўзгартиришлар ҳам келишиб олинди. Жумладан, машинасозлик маҳсулотларидаги сунъий интеллект тизимлари бир вақтнинг ўзида ҳам соҳавий хавфсизлик қоидалари, ҳам “Сунъий интеллект тўғрисида”ги Қонун талабларига бўйсунмаслиги белгиланди.
Бундан ташқари, сунъий интеллект функцияси фақат фойдаланувчига ёрдам бериш ёки самарадорликни ошириш учун хизмат қилса ва унинг носозлиги инсон саломатлиги ёки хавфсизлигига таҳдид туғдирмаса, бундай маҳсулотлар автоматик тарзда “юқори хавфли” тоифага киритилмайди.
Ҳужжатда, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун айрим енгилликлар кенгайтирилиб, Европа Иттифоқининг Сунъий интеллект бошқармаси ваколатлари ҳам соддалаштирилмоқда.