
Аралаш сайлов тизими – сиёсий партиялар фаоллигининг ўзига хос драйвери
Сиёсий партиялар аҳолининг энг фаол, дунёқараши, мақсади, фикрлари муштарак бўлган муайян қисмини ўз сафида бирлаштирган ва умумхалқ манфаатлари йўлида сиёсий ҳокимият учун курашадиган сиёсий ташкилот бўлгани боис фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан ажралиб туради.
Сиёсий партиялар сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчиси сифатида давлат органларининг шаклланиши ва сиёсий қарорларнинг қабул қилинишида тобора муҳим омилга айланиб бормоқда. Давлат ҳокимиятини эркин ва ошкора, муқобиллик асосида ўтказиладиган сайловлар орқали шакллантириш демократиянинг олий кўриниши ҳисобланади. Сайловлар орқали инсон ва фуқаронинг энг муҳим конституциявий сиёсий ҳуқуқларидан бири рўёбга чиқарилади.
Жамиятимизда мафкуравий хилма-хиллик, кўпфикрлилик шаклланиб бораётганлиги сабабли, сиёсий партиялар ўртасида ҳам ўзига хос баҳс-мунозаралар кетмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда 5 та сиёсий партия фаолият юритмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 22 август куни мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашувда “Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади”, дея таъкидлаган эди.
Сайловлар сиёсий партиялар учун ўзига хос имтиҳон вазифасини ўтайди.
Сайловларнинг кўппартиявийлик ва муқобиллик, ошкоралик ва транспарентлик тамойиллари асосида, дунёда умумэътироф этилган демократик стандартларга мос ҳолда ўтиши кўп жиҳатдан сиёсий партияларнинг ушбу жараёнга пухта тайёргарлик кўриши ҳамда чуқур ўйланган янги ғоя ва мақсадлар, дастурлар билан уларда фаол иштирок этишига боғлиқ.
Дунёда сайловларни ўтказишнинг бир қанча турлари мавжуд. Улардан кенг тарқалганлари мажоритар, пропроционал ва аралаш сайлов тизимларидир. Мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларига сайлов шу вақтга қадар мажоритар сайлов тизими асосида ўтказиб келинган бўлса, сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиришларга кўра, парламентимизнинг қуйи палатасига сайловларда мажоритар ва пропорционал сайлов тизимларни уйғунлаштириш асосида аралаш сайлов тизимидан фойдаланилиши, шу билан биргаликда маҳаллий кенгашларга сайлов мажоритар тизимда ўтказилиши белгиланди.
Ўз навбатида аралаш сайлов тизимида сиёсий партиялар фаолиятига янгича ёндашувларни жорий қилишни тақозо этади.
Аралаш сайлов тизимининг ҳуқуқий асослари
Маълумки, 2023 йил 30 апрель бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз ўзининг юксак сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этиб, янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилди.
Янги таҳрирдаги Конституциямиз миллий давлатчилик тараққиётининг ҳозирги босқичида жамият ва давлатни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб, Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсадларини рўёбга чиқаришнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан мажоритар-пропорционал шаклига асосланган сайлов тизимини жорий этиш белгиланди.
Ушбу фармон ижроси юзасидан 2023 йил 18 декабрда Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун қабул қилинди. Ушбу қонун билан мамлакатимизда парламент қуйи палатаси сайловлари мутлақо янгича тизим – мажоритар-прапорционал сайлов тамойилларини ўзида мужассамлаштирган – аралаш сайлов тизими асосида ўтказилиши белгиланди.
Яъни шу вақтга қадар, сайлов қонунчилигига кўра, Қонунчилик палатаси беш йил муддатга сайланадиган бир юз эллик нафар депутатлик корпуси сайловини ўтказиш учун худди шундай миқдорда сайлов округи тузилиши ҳамда ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланиши белгиланган бўлса, эндиликда Қонунчилик палатаси депутатларининг 75 нафари (50 фоизи) одатдагидек мажоритар сайлов тизимига мувофиқ бир мандатли сайлов округларидан сайланиши, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими асосида ягона сайлов округида партиялар томонидан кўрсатилган партия рўйхати бўйича сайланиши белгиланди.
Ушбу ўринда яна бир масалага эътибор қаратишимиз лозимки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 96-моддасига кўра эндиликда мажоритар сайлов тизими асосида сайланадиган депутатликка номзод бир мандатли сайлов округлари бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпининг (мутлақ кўпчилик) эмас, балки бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ (нисбий кўпчилик) овозини олган номзод депутат этиб сайланган деб ҳисобланади. Бу янгилик такрорий овоз беришни ўтказиш билан боғлиқ ортиқча вақт ва харажат сарфлашни олдини олишга хизмат қилади.
Дунё тажрибасида қандай сайлов тизимлари мавжуд?
Дунё тажрибасида сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишнинг кенг тарқалган “мажоритар”, “пропорционал” ҳамда юқоридаги иккита тизимнинг уйғунлашувидан ҳосил бўлган “аралаш” сайлов тизимлари мавжуд.
2023 йил 19 декабрга қадар амалда бўлган сайлов қонунчилигига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 150 нафар депутат сайлов ўтказувчи ҳар бир сайлов округидан рўйхатга олинган номзодларга овоз берилиши орқали сайланиши белгиланган эди. Бу “мажоритар” сайлов тизими асосида амалга оширилади. Яъни, ушбу тизим бўйича сайловчи аниқ бир номзодга овоз беради. Ҳозирги кунда БуюкБритания, АҚШ, Франция, Канада, Ҳиндистонкаби 79 та давлатларнингвакиллик органларига сайлов ушбу тизим асосида ўтказилади.
Мазкур сайлов тизимининг ўзига хос устун ва камчилик жиҳатлари мавжуд. Масалан, сайлов жараёнининг соддалиги ва аҳоли учун тушунарлиги; тўғридан-тўғри вакиллик, яъни сайловчи ўзи муносиб деб ҳисоблаган муайян шахс, номзодга овоз бериши; депутатларнинг бевосита сайловчилар олдида ҳисобдор бўлишини ушбу тизимнинг устун томонлари сифатида кўрсатишимиз мумкин.
Камчиликлари сифатида у одатда сиёсий куч сифатида партияларнинг эмас, балки муайян ҳудуддан кўрсатилган номзодларнинг обрўсига боғланиб қолиши, партия дастурларидан кўра номзоднинг ўзига боғлиқ хусусиятларига эътибор қаратилиши, номзод олиб борадиган сайловолди ташвиқоти уни кўрсатган партия дастурига мос бўлмаслиги, номзодларнинг умумдавлат миқёсидаги масалалар қолиб, кўпроқ маҳаллий масалаларга эътибор қаратишини кўрсатиш мумкин.
Яна бир сайлов тизими бу “пропорционал” сайлов тизими бўлиб, унда сайловчилар номзодга эмас, балки, маълум бир сиёсий партия учун овоз беришади.
Бу тизимда ҳар бир партия ўз номзодлари рўйхатини тузади ва сиёсий партия олган овозларига мутаносиб равишда депутатлик ўрнига эга бўлади. Бу тизимни қўллаш жамиятда сиёсий партияларнинг ролини ошишига, уларнинг сайловчилар олдида масъулияти юқори бўлишига, фақат сайлов пайтида эмас, балки доимий равишда сайловчилар билан фаол мулоқотда бўлишига хизмат қилади.
Таъкидлаш керакки, пропорционал сайлов тизими Австрия, Италия, Бразилия, Нидерландия, Швеция, Финляндия, Туркия, Исроил каби 70 дан ортиқ хорижий давлатларда қўлланилади.
Ушбу сайлов тизимининг устун томонлари сифатида партияларнинг олган овозлари фоизи парламентдаги ўринлар сонига пропорционал бўлиши; сайловчилар кўпроқ сиёсий платформалар орасидан танлаш имкониятига эга бўлишлари; сайлов кампанияси харажатларининг камлиги, яъни партиялар ҳар бир номзод учун эмас, балки бутун мамлакат миқёсида ягона кампания олиб борадилар; сиёсий дебатларнинг сифати ошади, унда муайян номзодларнинг дастурлари эмас, балки ғоялар ва қарашлар муҳокама қилинади.
Камчилик томонлари сифатида сайлов натижаларини аниқлашнинг мураккаблиги; депутатларнинг маълум бир ҳудуд сайловчилари олдида бевосита масъуллигини ҳис қилмаслиги; партия раҳбарларининг номзодлар рўйхатини шакллантиришдаги ролини суистеъмол қилиши мумкинлиги; сайловчиларда бевосита номзодга овоз бериш имкониятининг йўқлигини кўрсатишимиз мумкин.
Юқоридаги “мажоритар” ва “пропорционал” сайлов тизимларининг ютуқларини уйғунлаштирувчи ва бир-бирини тўлдирувчи сайлов тизими – бу “аралаш” сайлов тизими ҳисобланади. Ушбу тизим Япония, Германия, Венгрия, Янги Зеландия, Белгия, Мексика, Испания, Корея Республикаси, Украина, Қозоғистон каби 40 га яқин мамлакатларда қўлланилади. Аралаш сайлов тизимлари қўлланилаётган Германия, Болгария, Грузия, Литва, Италия, Янги Зелландия каби давлатларда сайловчиларининг 50 фоизи партиявий рўйхатларга, 50 фоизи эса бир мандатли округларда сиёсий партия кўрсатган номзодларга овоз берадилар.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодексига 2023 йилнинг 18 декабрида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий Қонуни асосида киритилган ўзгартиришларга мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловларида “аралаш” сайлов тизими асосида ўтказилади. Яъни, бунда парламент депутатларнинг тегишли белгиланган бир қисми бутун мамлакат ҳудудини қамраб олган бир мандатли сайлов округларида кўпчилик овозга асосланган мажоритар тизим бўйича, тегишли иккинчи қисми эса пропорционал тизим бўйича сайланади.
Яъни, ушбу тизим бўйича Қонунчилик палатаси депутатларининг ярми ҳозирги тартиб бўйича сайланса, қолган ярми сиёсий партияларнинг рўйхатлари асосида сайланади. Соддароқ қилиб айтганда, одамлар 75 та ўрин бўйича аниқ бир номзодни сайласа, қолган 75 таси бўйича сиёсий партияга овоз беради.
“Аралаш” сайлов тизими ҳам ҳудудий, ҳам партиявий манфаатларни ифодалаши билан мувозанатлашган вакилликни таъминлашга хизмат қилади; ҳам партияларга ҳам номзодларга овоз бериш имконияти туфайли, сайловчилар учун кенгроқ танлов имкони бўлади.
Аралаш сайлов тизими сиёсий партиялар фаолиятида янгича ёндашувларни тақозо этади.
Аралаш сайлов тизимида муваффақиятга эришиш учун партиялар мослашувчан, кўп қиррали ва стратегик ёндашувни қўллашлари керак. Бу тизим партияларни ҳам маҳаллий, ҳам миллий даражада фаол бўлишга ундайди ва уларнинг сиёсий маҳоратини синовдан ўтказади.
Эндиликда сиёсий партиялар аввалги сайловлардан фарқли равишда икки йўналишда, яъни алоҳида номзодлар учун ҳам, умумпариявий рўйхат учун ҳам стратегияларни шакллантиришлари лозим бўлади. Сиёсий партиялар сайлов жараёнларида шу вақтга қадар муайян номзодларнинг аҳоли орасида машҳурлиги, уларнинг индивидуал хусусиятларига кўпроқ эътибор қаратган бўлса, эндиликда сайловолди дастури, сиёсий платформасини пухта ва аҳоли учун тушунарли қилиб ишлаб чиқишига, янги-янги ғояларни ўртага ташлашига, тарғибот ва ташвиқотнинг замонавий усулларидан фойдаланишига, жамият ва давлат ҳаётидаги муҳим масалаларни ҳал қилиш бўйича позициясини аниқ баён этишига тўғри келади.
Аралаш сайлов тизимида сиёсий партиялар ўзларининг сиёсий мақсадларини аниқ белгилаб олишлари керак бўлади. Бунда партия мафкураси ва дастурларини ишлаб чиқишда аниқ стратегияларни белгилаш, аҳолини ўзининг дастурига ишонтириш, жамиятдаги муаммолар ечимига оид муқобил таклифларини илгари суришга жиддий эътибор қаратишлари керак.
Сиёсий партиялар ўзлари таянадиган ижтимоий гуруҳлар манфаатларини саралаш ва уларнинг муҳимлигига қараб дастурларида ифода этишлари керак ҳамда айнан партия ушбу масалаларни ҳал қилиш давлат органлари қарорларига таъсир кўрсата олишларини намоён қилишлари муҳим.
Сиёсий партиялар фуқароларни сафарбар қилиш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратишлари керак бўлади, яъни партиялар ўз фаолиятининг узоқ муддатли ижтимоий ва ғоявий-психологик асосини яратишлари, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда тегишли ижтимоий фикрни шакллантиришга урғу беришлари лозим бўлади.
Сиёсий партиялар жамият ва давлат ҳаёти учун муҳим бўлган муқобил сиёсий ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқишлари ва аҳолига тақдим этишлари уларни муҳим сиёсий куч сифатида намоён қилади. Партияларнинг мафкуравий фаолияти, концепциялар ишлаб чиқишдан ташқари, ана шу дастурий ҳужжатларни ва уларнинг мақсадларига мос келувчи бошқа ғояларни кенг тарқатиш ва тарғиб этишга қаратилиши керак.
Сайлов тизимидаги ўзгаришлар партияларнинг ташкилотчилик функциясини муайян кадрлар сиёсатида, яъни партиянинг ўзида, бошқа давлат ва жамоат ташкилотларида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишдан иборат фаолиятда ҳам жонлантиришни тақозо этади. Бунда партия аъзоларининг бирлиги ва ҳамжиҳатлигини таъминлаш, партия аъзолари ва тарафдорларини ўзаро яқинлаштирувчи қадриятлар ва меъёрларни ишлаб чиқиш, раҳбарликни амалга ошириш ва партия фаолиятини бошқаришга қаратилган партия ички фаолияти жуда муҳимдир.
Умуман олганда, сайлов тизимидаги янги воқелик сиёсий партиялар фаолиятининг муҳим йўналишлари сифатида қуйидагиларга эътибор қаратишни тақозо этади:
партия ўз сайловчилари бўлган тегишли ижтимоий гуруҳларнинг манфаатларини аниқлаш, баён қилиш ва асослаш, уларни фаоллаштириш ва интеграциялаш;
аҳоли учун тушунарли ва долзарб бўлган сиёсий доктриналар ва дастурлар яратиш;
жамиятни ёхуд унинг бир қисмини сиёсий жиҳатдан тарбиялаш, ижтимоий фикрни шакллантириш;
партия ичидаги ташкилий фаолиятни тўғри йўлга қўйиш.
Аралаш сайлов тизими партияларнинг сайловолди ташвиқотини ҳам қайта кўриб чиқиш заруратини юзага келтиради.
Партиялар сайловолди ташвиқотида аввало, қонунийликка риоя этишлари, аниқ ва тушунарли, реал амалга оширилиши мумкин бўлган ваъдалар беришлари, сайловчиларнинг эҳтиёж ва манфатларини ҳисобга олган ҳолда мақсадли аудиторияга мослаштирилган тарғибот материаллари тайёрлашлари, тарғибот олиб боришда турли алоқа каналларидан кенг фойдаланишлари, медиа ҳамжамият билан ишлашга профессионал даражада ёндашишлари, рақибларни танқид қилишга берилиб кетишдан кўра, ўз сайловолди дастурларининг афзалликларига урғу беришлари (фақат рақибини танқид қилишга қаратилган кампаниялар сайловчиларда сайловларга нисбатан ишончсизлик, бефарқликни шакллантиришга сабаб бўлади), фаол тарафдорлар ва кўнгиллиларни сафарбар этиш, ташвиқотда замонавий технологиялардан фойдаланишга эътибор қаратишлари уларнинг сайловларда овоз олишларининг муҳим кафолати ҳисобланади.
Шу билан биргаликда, сиёсий партиялар раҳбарларининг харизмаси, ўз дастурларини аниқ баён эта олиши, уларнинг аҳоли ўртасидаги обрўси ҳам муҳим бўлиб, партиялар ушбу масалага жиддий эътибор қаратишлари, сиёсий технологлар, имиджмейкерлар хизматларидан самарали фойдаланишлари керак.
Аралаш сайлов тизимида партиялараро рақобатга ҳам эътибор кучаяди. Партиявий муносабатларига таъсир этувчи тизимли шарт-шароитлар ва маълум бир ижтимоий макондаги барча партияларга тенг таъсир кўрсатадиган партиялараро рақобат сиёсий тизимининг муҳим элементидир. Партиялараро рақобат сиёсий тизимнинг соғлом ишлашини таъминлайди ва жамият ривожига хизмат қилади.
Дунёда олиб борилган кўплаб илмий тадқиқотлар натижалари кўра партиялараро рақобат жамиятдаги партиявий тизимга боғлиқ. Бир партияли тизимларда ўз-ўзидан партиявий рақобат мавжуд бўлмайди. Икки партияли тизимларда партиялараро рақобатнинг афзаллиги сифатида ҳукмрон партия пайдо бўлишининг олдини олишга, ҳокимият алмашинувидаги такрорийлик циклига, сиёсий тизим барқарорлигига сабаб бўлиши кўрсатилган. Салбий томони икки партияли тизимда партиялараро рақобат жамиятнинг маълум бир ғоя бўйича ўта “қутблашишига” олиб келиши, сиёсий динамизм йўқолишига, янги ғояларни олиб чиқаётган партияларнинг ҳокимиятга келишига тўсқинлик қилишига олиб келиши мумкин.
Рақобат бир нечта иштирокчилар ўртасида содир бўладиган кўп партиявий тизимлар, жумладан мамлакатимизда сиёсий партияларнинг турли манфаатларни очиқроқ ифодалашига имконият юқори бўлади. Шу билан бирга, бундай тизимларда, қоида тариқасида, партияларнинг ҳеч бири парламентда мутлақ кўпчиликни қўлга кирита олмайди, бу эса парламентда жамиятнинг турли қатламлари манфаатларини ифодалашда ижобий аҳамият касб этади.
Партиялараро сиёсий рақобатнинг табиати шунингдек, маълум бир жамиятда қандай вакиллик тизими – мажоритар ёки пропорционал равишда шаклланганлиги билан ҳам белгиланади. Ушбу иккала тизимнинг афзалликларини ўзида уйғунлаштирган аралаш сайлов тизими партиялараро рақобатда ҳам энг яхши томонларни олиш имконини беради.
Ўзбекистонда аралаш сайлов тизимини жорий қилиш мажоритар ва пропорционал сайлов тизимлари ютуқларини сақлаб қолиш ҳамда қуйидаги ижобий натижаларга эришиш имконини беради:
сайловчиларга сайловолди платформаси ва дастури мос келган сиёсий партияни ёқлаб овоз бериш имконияти пайдо бўлади. Бу эса сиёсий партияларларнинг сайловчилар билан ишлашини самарали ташкил этишига хизмат қилади, улар олдидаги масъулият ва ҳисобдорликни кучайтиради;
сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўпроқ депутатлик ўрнини эгаллаш имкониятлари кенгаяди. Бу, ўз навбатида, жамиятда том маънодаги кўппартиявийликнинг ва плюрализмнинг шаклланишига асос сифатида хизмат қилади;
сайловчи ёқлаб овоз берган номзод сайланмаган тақдирда, унинг партияни ёқлаб берган овози маълум бир партиянинг депутатлик ўрнига эга бўлиш учун инобатга олинади;
сиёсий партиялар бир мандатли сайлов округларида мажоритар сайлов тизими бўйича муваффақиятга эриша олмай қолган тақдирда, пропорционал сайловлар билан бунинг ўрнини тўлдириб олишлари мумкин.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, аралаш сайлов тизими фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини кафолатлайди ва демократик ислоҳотларни илгари суришда муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Бу жараёнлар нафақат сиёсий, балки ижтимоий барқарорликни ҳам таъминлашда катта аҳамиятга эга, балки Ўзбекистон сайлов тизимини жаҳон стандартларига мослашишига, илғор хорижий тажрибани кириб келишига, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари тўлиқ таъминланишига, сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги роли янада ортишига, улар ўртасида сайловчилар учун рақобат шаклланишига хизмат қилади.
Тошпулатов Акром Икромович
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти директори,
юридик фанлар доктори