Ортга қайтиш Чоп этиш

Ўзбекистон — Хитой: ҳамкорликнинг янги босқичи

 

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганига 30 йилдан ошди. Кейинги йилларда стратегик шериклик алоқалари юксак даражага кўтарилиб, икки томонлама муносабатлар жадал суръатда ривожланмоқда.

Катта нуфузга эга бўлган Хитой иқтисодий юксалиш ва ялпи ижтимоий маҳсулот ҳажми бўйича жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Бундай қудратли давлат билан муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш Ўзбекистон  халқининг туб миллий манфаатларига тўлиқ мос келади.

Бугунги кунда ҳар икки мамлакат халқаро муносабатлар тизимида ўз ташқи сиёсатини халқаро ҳуқуқ нормалари доирасида, миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда қуришда масъулиятли давлат сифатида намоён бўлмоқда. Чунки Янги Ўзбекистон ҳам, Хитой ҳам халқаро муаммоларни ҳал қилишда ташаббускорликни намойиш этяпти.

Бу ташаббус Президентимизнинг “Тинчлик ва хавфсизлик учун Самарқанд бирдамлик ташаббуси” ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг “Глобал цивилизация ташаббуси”да цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни йўлга қўйишдек эзгу мақсадга эришишга қаратилган. Бундай ёндашув икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик учун ишончли замин яратди.

Кейинги йилларда Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик инвестори ва савдо ҳамкорига айланди, десак муболаға эмас. Сабаби Ўзбекистон бизнеси Хитойда ўз иштирокини ишонч билан кенгайтирмоқда. Хитой бизнеси Ўзбекистон ҳудудларида тобора кўпроқ янги ишлаб чиқариш қувватларини очаётир. Хусусан, уяли телефонлар, юк ва енгил автомобиллар, санитария-техник воситалар, цемент ва бошқа юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар бозори учун янада катта ҳажмда ва тобора кенг ассортиментда ишлаб чиқарилмоқда.

Икки давлат ўртасида олий таълим соҳасидаги муносабатлар ҳам йилдан йилга ривожланиб боряпти. Айни чоғда саккиз минг нафардан ортиқ ўзбекистонлик ёшлар Хитойдаги олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда. Илмий-маданий алоқалар ҳам кенгаймоқда. Дунёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам Хитойни ўрганишга қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Президентимиз  Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан ушбу давлатга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. Ушбу ташриф давлатимиз раҳбарининг 2024 йилдаги илк хорижий сафари бўлиб, бу ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларига янги таъсирчан суръат бағишлайди.

Ташриф доирасида Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши Бутунхитой қўмитаси Раиси Чжао Лэцзи билан бўлиб ўтган учрашув чоғида парламентлар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш ва “Ўзбекистон — Хитой” дўстлик гуруҳларини фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди. Олий даражадаги келишувларнинг амалга оширилиши устидан таъсирчан парламент назоратини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

2020 йил май ойида Олий Мажлис ва Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши ўртасида ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ ташкил этилгани парламентлараро ҳамкорликни янада фаоллаштирди, кенг қамровли стратегик шерикликни ривожлантиришда муҳим омил бўлди.

Парламентнинг қонун ижодкорлиги соҳасида хорижий давлатлар билан ўзаро тажриба алмашиш муҳим йўналишлардан биридир. Бу борада 2023 йил 4 24 июлда Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган “Ривожланаётган давлатлар парламентарийлари учун семинар” муҳим аҳамият касб этди. Унда иштирок этган Қонунчилик палатаси вакиллари ташриф давомида ХХР парламенти фаолияти билан танишиш, қонун ижодкорлиги ва бошқа соҳаларда ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлди.

Хитой заминида олиб борилган мулоқотлар самарали кечди. Куни кеча Пекинда биринчи таълим форуми, Шанхайда Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари кўргазмаси муваффақиятли ўтди. Ўзбекистон маданияти кунлари доирасидаги тадбирлар эса Хитой пойтахти аҳолиси ва меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳамда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин имзолаган қўшма баёнот томонларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорликни турли соҳаларда ҳар томонлама мустаҳкамлаш ҳамда икки давлат ўртасидаги барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шерикликни мазмун жиҳатидан бойитишга хизмат қилади.

Икки давлат ҳукуматлари ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги, техник-иқтисодий инсон ресурсларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик, давлат илмий-тадқиқот муассасалари ҳамкорлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Хитой Халқ Республикаси Таълим вазирлиги ўртасида хитой тилини ўқитиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим ва бошқа келишувлар халқларимиз манфаатларига жавоб беради.

Эришилган натижалардан бири мамлакатларимиз бизнес вакиллари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уларга қулай шароитлар яратиш бўйича келишувлар бўлди. Қабул қилинган тарихий ҳужжат – Ўзбекистон-Хитой муносабатларини барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига олиб чиқадиган давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти ҳам бунга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигида бунёдкорлик руҳи ҳукмрон. Ташриф доирасида эришилган келишувларнинг ҳаётга татбиқ этилиши икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида иқтисодий ўсишни янада оширишга, пировардида минтақамизда ва курраи заминимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

  

Абдумалик  АКРОМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

www.parliament.gov.uz