Ортга қайтиш Чоп этиш

Сув ресурсларидан самарали фойдаланишда барча имкониятлар ишга солинмоқда

Сув ресурсларидан унумли фойдаланиш, уни асраб-авайлаш, тежаб ишлатиш бугунги кунда долзарб масалалардан саналади. Зеро, сув — ҳаёт манбаи. Ундан самарали фойдаланиш инсоният тараққиётига, атроф-муҳит барқарорлигига хизмат қилади. Шу боис, Марказий Осиё мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам бу борада аниқ чора-тадбирлар рўёбга чиқарилмоқда.

Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, юртимизда  2021 — 2023 йиллар давомида сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан,  2021 йилда коммунал канализация оқова сув тозалаш иншоотларидан ер усти сув объектларига ташланадиган оқова сувларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш мақсадида 33 та йирик шаҳарнинг коммунал оқова тозалаш иншоотлари ўрганилган ва экологик назорат ишлари олиб борилган.  

Автомобиль ювиш шохобчаларидаги ҳолат билан танишилганда, айрим камчиликлар кўзга ташланган. Натижада жами 2170 та автомобиль ювиш шохобчасидан 1602 таси хатловдан ўтказилган, 361 тасида сувдан махсус фойдаланиш рухсатномаси, 460 тасида ички оқова тозалаш иншоотлари мавжуд эмаслиги ва 277 тасида бошқа қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш юзасидан ўтказилган рейд ва текширувлар давомида 1588 нафар шахсдан қарийб 2 млрд. 609 млн. сўм жарима ундирилган.

2021 йилда амалга оширилган тизимли саъй-ҳаракатлар натижасида 2,76 млн. м3 сув иқтисод қилинган. 

Ўз навбатида, Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони ушбу йўналишдаги чора-тадбирлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этди, десак асло янглишмаймиз. Бинобарин, унга кўра, 14 та сув объектида сувни муҳофаза қилиш зоналари ва соҳилбўйи минтақаларини белгилаш кўзда тутилган ва бу бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. 2023 йилда 76 та корхонада локал оқова сув тозалаш иншоотлари қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган бўлиб, амалдаги 77 та корхонада локал тозалаш иншоотлари реконструкция қилинди ва қуриб битказилди. 

Шунингдек, ўтган йили пойтахтимиздаги бир қатор каналларнинг маълум узунликдаги қисмларида тозалаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилгани эътиборга молик. Бу Тошкент шаҳрини аҳолига қулай, экологик тоза ва яшаш учун барча имкониятлар мавжуд бўлган ҳудудга айлантириш, кўкаламзорлаштириш даражасини оширишда самарали бўлмоқда.

Бундан ташқари, жойларда тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланишда бўлган 3886 та ер ости қудуқлари ўрганилганда, айрим муаммолар кўзга ташланди. Хусусан, мамлакатимиз бўйича 2299 та ерости қудуқлари тегишли ҳужжатларсиз фойдаланиб келингани аниқланди ҳамда уни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Албатта, бу борадаги саъй-ҳаракатлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 7 декабрдаги “Ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан сув сатҳи 5 метрдан ортиқ пасайиб кетган ҳудудлар, чунончи, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларининг айрим ҳудудларида мораторий эълон қилинди. Ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш ҳамда мавжуд қудуқлардан ерларни сув тежовчи технологияларсиз суғориш тақиқланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 мартдаги “Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқарувини ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги коллекторлардан кўллар тизимига сувларнинг келиб қуйилиши ҳолати ва сувларнинг сифати назорат қилинаётгани, Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари томонидан чўлланишга мойил ҳудудлар кўкаламзорлаштирилаётгани шулар жумласидандир.

Хулоса ўрнида айтганда, ҳозирги вақтда мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланишда барча имкониятлар ишга солинмоқда. Айниқса, дарёлар, кўллар ва ботқоқ ерлар каби сув билан боғлиқ тизимларга алоҳида эътибор қаратилаётгани экологик мувозанатни сақлаш, биологик хилма-хилликни сақлашда муҳим ўрин тутяпти. Зеро, сув сарфини камайтириш, ирригация тизимлари самарадорлигини ошириш, модернизация ва технологик инновацияларни жорий этиш, оқилона режалаштириш ва бошқаришга оид кўрилаётган муҳим чора-тадбирлар, пировардида, иқтисодий самараларга эришиш ҳамда тармоқларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.

 

Ғайрат САФАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

www.parliament.gov.uz