Ортга қайтиш Чоп этиш

Республика доирасида яшил боғлар барпо этилади

Маълумки, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унда бешта йўналиш бўйича жорий йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва ишлаб чиқилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатлари назарда тутилмоқда.

Хусусан, лойиҳада атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва иқлим ўзгаришларига қарши кураш тадбирларига алоҳида эътибор қаратилгани диққатга сазовор.

Нуфузли халқаро брендлар билан ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналарга халқаро стандартлар, экология ва сертификатлаш харажатлари Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан қоплаб бериш тартибининг жорий қилиниши инвестицион лойиҳаларнинг жозибадорлигини ошириш баробарида ушбу корхоналарнинг атроф-муҳитга таъсирини мўътадиллаштиришга хизмат қилади.

Дастур лойиҳасида жорий йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида манзарали ва мевали дарахт ҳамда буталар кўчатларини, қаламчаларини экиш, республика доирасида яшил боғлар барпо этиш белгилангани ҳам эътиборга молик. Чунки бугун экилаётган ҳар бир ниҳол, эртага катта дарахтга айланади. Ўнлаб, юзлаб, минглаб дарахтлар бир бўлиб, биз нафас олаётган ҳавони тозалайди, озиқ-овқат манбаи бўлган тупроқларни мустаҳкамлайди.

Сирасини айтганда, бу йилги Давлат дастури лойиҳаси бугунги глобал ривожланиш ва иқлим ўзгаришларидан келиб чиққан ҳолда халқимиз ва давлатимиз раҳбарининг таклифлари асосида ишлаб чиқилган. Айни пайтда юртдошларимиз Дастур лойиҳаси муҳокамасида фаол қатнашиб, ўз таклифларини билдирмоқда. Халқимиз таклифлари асосида қабул қилинган Давлат дастури фуқароларни узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган масалалар, айниқса, экологик муаммоларни сўзсиз таъминлашга хизмат қилади.

Шу нуқтаи назардан, Экологик партияси фракцияси аъзолари Дастур лойиҳасини атрофлича муҳокама қилиш билан бирга, уни янада такомиллаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини бермоқда. Фракциямиз йиғилишларида ҳам ушбу масала кенг муҳокама қилинди ва лойиҳада қамраб олинган барча йўналишлар тўлиқ қўллаб-қувватланди.

  

Турғунбай ХЎЖАНАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

www.parliament.gov.uz