Туркманистоннинг “Аваза” миллий туристик зонасида ўтказилган “Тинчликни сақлаш ва барқарор ривожланишга эришишда аёлларнинг роли” мавзусидаги Халқаро аёллар мулоқоти хотин-қизларнинг тинчликни мустаҳкамлаш ва барқарор тараққиётни таъминлашдаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон ва бошқа давлатлар делегациялари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этган мулоқотда тинчликни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда барқарор тараққиётга эришиш масалалари муҳокама қилинди. Якуний ҳужжатнинг бир овоздан қабул қилиниши бу йўналишда халқаро ҳамкорликни давом эттиришга бўлган умумий интилишни намоён этди.
Мулоқотнинг аҳамияти дипломатик алоқаларни кенгайтириш билангина чекланмайди. У хотин-қизларни тинчлик ва тараққиётга оид қарорларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва амалга ошириш жараёнларига фаол жалб этиш зарурлигини кўрсатади. Зеро, қабул қилинаётган қарорларнинг самарадорлиги, аввало, уларнинг аҳоли эҳтиёжларига мослиги ва ҳаётда қандай натижа бераётгани билан белгиланади.
Аёллар дипломатиясининг амалий аҳамияти муаммоларга инсон ҳаёти ва кундалик эҳтиёжлар нуқтаи назаридан ёндашишда намоён бўлади. Тинчлик музокараларида таълим ва тиббий хизматдан фойдаланиш, сув ва озиқ-овқат хавфсизлиги, кўчишга мажбур бўлган аҳолининг қайтиши, оилаларнинг иқтисодий тикланиши каби масалалар ҳам қамраб олиниши лозим.
Хотин-қизларнинг иштироки келишувларнинг мазмунини бойитиб, уларни жамият эҳтиёжларига яқинлаштиради. Бу ёндашув тинчликни эришилган келишувлар доирасидан кенгроқ тушуниш, уни узоқ муддатли барқарорликни таъминлайдиган изчил жараён сифатида мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистонда уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини таъминлаш учун зарур ҳуқуқий асослар яратилган. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциянинг 58-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлиги, давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаши белгилаб қўйилган.
“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Гендер тенгликка эришиш стратегияси ва “Ўзбекистон — 2030” стратегияси хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Сўнгги йилларда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги иштироки ҳам сезиларли даражада кенгайди. Хусусан, 2024 йилги сайловлар натижасида Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизини, Сенат аъзоларининг 27 фоизини, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг эса 32 фоизини аёллар ташкил этди. Давлат бошқарувида хотин-қизларнинг улуши 2017 йилдаги 20 фоиздан 35 фоизга етди. Бу рақамлар хотин-қизларнинг мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги иштироки тобора кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Рақамли тараққиёт ҳам хотин-қизлар учун янги имкониятларни яратмоқда. Сўнгги олти йилда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида таҳсил олаётган аёллар сони беш баробарга ошди. Уларнинг бу йўналишдаги талабалар орасидаги улуши 19 фоиздан 23 фоизга кўтарилган. 2025 йилда эса аёллар 763 та илмий лойиҳанинг 214 тасига раҳбарлик қилган. Ушбу рақамлар хотин-қизларнинг рақамли технологиялар ва илм-фан соҳаларидаги иштироки ортиб бораётганини кўрсатади.
Кейинги босқичда рақамли кўникмаларни оммалаштириш, илмий фаолиятдаги раҳбарлик имкониятларини кенгайтириш ва технологиялардан фойдаланишдаги тафовутни қисқартириш муҳим. Бундай ёндашув аёлларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш билан бирга, мамлакатнинг инновацион ривожланишига ҳам ҳисса қўшади.
2026 йил май ойида Бухорода ўтказилган Иккинчи Осиё хотин-қизлари форуми аёлларнинг қарор қабул қилишдаги ролини ошириш ва барқарор тараққиёт манфаатларига хизмат қиладиган ташаббусларни илгари суриш учун муҳим халқаро майдон бўлди. Президентимизнинг форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатида хотин-қизларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва уларнинг жамият тараққиётидаги иштирокини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Аёллар дипломатиясида минтақавий ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Марказий Осиё мамлакатларини муштарак тарих, маданий яқинлик ва умумий тараққиёт манфаатлари бирлаштиради. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгаришига мослашиш, озиқ-овқат ва экологик хавфсизлик, аҳоли саломатлиги каби масалаларни бир давлат доирасида ҳал этиш қийин. Шу боис хотин-қизлар парламентарийлари, дипломатлар, олимлар, фуқаролик жамияти вакиллари ва тадбиркорлар ўртасидаги мунтазам мулоқот умумий ечимларни ишлаб чиқишга ёрдам беради.
Аваза мулоқотида илгари сурилган давлатлараро ишчи комиссия тузиш ва навбатдаги мулоқотни мамлакатимизда ўтказиш ташаббуслари ҳамкорликни изчил давом эттириш имконини беради. Бу ташаббусларнинг самараси уларнинг мунтазам учрашувлар, қўшма дастурлар ва аниқ амалий лойиҳалар билан мустаҳкамланишига боғлиқ. Жумладан, хотин-қизлар учун дипломатия ва давлат бошқаруви бўйича ўқув дастурлари, ёш етакчиларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркор аёллар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда сув ва иқлим муаммоларига бағишланган қўшма лойиҳалар амалий натижа бериши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, аёллар дипломатиясини ривожлантиришда бир-бирини тўлдирувчи тўртта устувор йўналишга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.
Биринчидан, хотин-қизларни тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, можароларнинг олдини олиш ҳамда дипломатик музокаралардаги иштирокини кенгайтириш зарур.
Иккинчидан, таълим олиш, касбий тайёргарликдан ўтиш, муносиб иш билан таъминланиш ва молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали аёлларнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш лозим.
Учинчидан, иқлим ўзгариши, рақамли тараққиёт, сув ва озиқ-овқат хавфсизлиги каби муҳим масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнларида хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Тўртинчидан, минтақавий ва халқаро ҳамкорлик доирасида тажриба алмашишни тизимли йўлга қўйиш, ўзаро мулоқотни кучайтириш ҳамда илғор тажрибаларни кенг жорий этиш зарур.
Ушбу вазифаларни самарали амалга оширишда қонунчиликда белгиланган кафолатлар ижросини мунтазам баҳолаб бориш, парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, шунингдек, хотин-қизларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Аёллар дипломатияси хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тинчликни сақлаш, низоларни ҳал этиш ва барқарор тараққиётни таъминлашда уларнинг иштирокини кенгайтиришни назарда тутади. Хотин-қизларнинг фикри инобатга олиниб, ташаббуслари қўллаб-қувватланса, турли манфаатларни келиштириш ва узоқ муддатли ечимларни топиш имконияти ортади.
Гулбаҳор САИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими