Тасаввур қилинг, тошкентлик Азиз ака отасидан мерос қолган уйни сотмоқчи. Бироқ мулкка оид ҳужжатлар қачон расмийлаштирилгани ёки солиқ имтиёзлари муддати қачондан бошланганини аниқлаш учун бир неча идорага мурожаат қилишга мажбур. Ёки бухоролик Дилноза опа ўз номига қайсителефон рақами ва банк картаси бириктирилганини аниқбилмайди. Натижада бегона рақамлар ёки маълумотлардан фойдаланиш билан боғлиқ хавотирлар туғилади. Ёхуд кечки пайт ёт рақамдан келган “чегирма” ҳақидаги яна бир реклама хабари нафақат тинчликни бузади, балки шахсий маълумотлар қаердан тарқалгани ҳақида ҳам ўйлантириб қўяди.
Бундай ҳолатлар кўпчилик учун таниш. Уларнинг умумий сабаби эса бир хил: шахсий маълумотларга оид ахборот турли давлат органлари ва ташкилотларда тарқоқ ҳолда сақланади, фуқаро эса улар устидан тўлиқ ва қулай назорат қилиш имкониятига эга эмас.
Бироқ бу каби муаммолар аста-секин ўтмишга айланмоқда. Президентимизнинг 2026 йил 15 июлдаги “Аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш ҳамда фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори фуқаролар ҳар куни дуч келадиган, кичикдек кўринса-да, ҳаёт сифатини пасайтирувчи ана шундай муаммоларга замонавий ва тизимли ечим яратади.
Кўпчиликка таниш ҳолат: ота-онадан мерос қолган уй-жойни ўз номига расмийлаштиришни иш, оила ташвишлари ёки бошқа сабаблар туфайли бир-икки ойга кечиктириб қўямиз. Илгари бундай ҳолат жарима қўлланилишига сабаб бўларди. Энди эса 2027 йил 1 январдан бошлаб тартиб ўзгаради. Агар мерос мулки ўз вақтида расмийлаштирилмаса, жарима эмас, балки кечиктирилган кунлар сонига мутаносиб равишда давлат божи ундирилади. Мазкур ўзгаришнинг моҳияти шундаки, давлат фуқарони жазолашга эмас, балки ҳаётда учраб турадиган объектив ҳолатларни инобатга олган ҳолда адолатли ва қулай ҳуқуқий тартибни таъминлашга устувор аҳамият қаратмоқда.
Яна бир жиҳат. Уйни мерос ёки яқин қариндошдан ҳадя тариқасида олган бўлсангиз, уни сотишда солиқдан озод бўлиш муддати энди уй сизнинг номингизга давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб ҳисобланади. Илгари бу борада ноаниқлик кўп эди, одамлар нотариус ва солиқ идораси орасида тушунтириш излаб юрарди.
Баъзан оила банкдан кредит олиш учун уйини гаровга қўяди, лекин шу уйда яшашда давом этади. Аммо расмий рўйхатдан ўтишда муаммо чиқарди — гаровга олувчининг розилиги керак бўларди. Энди бу қоида ҳам юмшатилди. Инсон шу уйда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиши мумкин, фақат зарур бўлганда ундан чиқарилишига олдиндан рози бўлиши керак, холос. Оддий қилиб айтганда, кредит олган оила энди уй-жой ҳужжатлари туфайли иккиланиб қолмайди.
2026 йил 1 октябрдан бошлаб Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) яна бир қулай электрон хизмат ишга туширилади. Энди фуқаролар уйдан чиқмаган ҳолда, оддий смартфон орқали ўз номидаги кўчмас мулк ёки автотранспорт воситасига гаров (тақиқ) қўйиш ёки уни бекор қилиш бўйича мурожаат юбориши мумкин бўлади. Энг муҳими, бунинг учун банкка ёки нотариал идорага бориш талаб этилмайди. Шахсни Face-ID технологияси орқали тасдиқлашнинг ўзи кифоя қилади. Шунингдек, ким сизнинг номингиздан фойдаланиб, телефон рақами ёки банк картаси очганини ҳам портал орқали кўрса бўлади. Бугун, афсуски, бировнинг номидан алдаб рақам очиб, шу орқали фирибгарлик қилиш ҳоллари учраб туради. Энди фуқаронинг ўзи буни назорат қила олади.
Яна бир муҳим янгилик. Нотариал ҳаракатлар ҳақида фуқароларни тезкор хабардор қилиш тизими жорий этилади. Энди нотариусда сизга дахлдор ҳужжат расмийлаштирилса, масалан, номингиздан ишончнома тасдиқланса, бу ҳақда ЯИДХП орқали дарҳол хабарнома оласиз. Бу эса фуқарога ҳар қандай шубҳали ёки рухсатсиз амалга оширилган ҳаракатдан ўз вақтида хабардор бўлиш ва зарур ҳуқуқий чораларни кўриш имконини беради. Натижада мулкий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш кучаяди, фирибгарлик ва бошқа ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш имкониятлари кенгаяди.
Айрим кишилар давлат хизмати учун тўлов қилаётганда воситачи тизимларга қўшимча фоиз тўлаб қўйганини сезмай ҳам қолади. 2026 йил 1 сентябргача ЯИДХП орқали виртуал тўлов картаси очиш, унга банк картангиздан пул ўтказиш ва давлат хизмати учун тўғридан тўғри шу карта орқали тўлов қилиш имконияти яратилади. Яна ҳеч қандай воситачилик йиғимисиз. Агар хизмат кечиктирилса ёки асоссиз рад этилса, пулингиз автоматик равишда ўзингизга қайтади. Ортиқча ёзишма, аризалар энди керак эмас.
Вояга етмаган болалар ўз ҳуқуқини ҳимоялаш учун судга мурожаат қилса, улар давлат божидан бутунлай озод этилади.
Кўпчилик бундай муаммога дуч келган, яъни бир ҳужжатда исм-шариф бир хил ёзилган бўлса, бошқа ҳужжатда бир-икки ҳарф фарқ қилиб қолади. Натижада оддий маълумотлар тафовути ҳам турли идораларга мурожаат қилиш, маълумотномалар йиғиш ва вақт сарфлашга олиб келади. Фамилия ёки исм расман ўзгарган тақдирда бу маълумотни барча идораларга ўзингиз бориб етказишингиз керак эди. 2026 йил 1 октябрдан бошлаб бунинг кераги қолмайди. Адлия органи маълумотни ўзгартирганда, бу хабар “электрон ҳукумат” тизими орқали автоматик тарзда бошқа давлат идораларига ҳам боради, уларнинг ўзи ҳужжатларни янгилайди. Сизга эса ЯИДХП орқали оддий хабарнома келади: “Маълумотларингиз янгиланди. Ҳужжатингизни янгилашингиз зарур”. Шу орқали ҳужжатлардаги маълумотлар бир хил сақланади ва кейинчалик ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади.
Тунда номаълум рақамдан келадиган қўнғироқлар, “чегирма” ёки “ютуқ” ҳақидаги кутилмаган хабарлар кўпчиликнинг жонига теккан. 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб бундай тартиб ўзгаради. Товар ёки хизматни реклама қилиш мақсадида телефон, SMS ёки электрон алоқа воситалари орқали мурожаат қилишдан олдин реклама тарқатувчи шахс фуқаронинг ёзма ёки электрон шаклдаги олдиндан берилган розилигини олиши шарт. Қоида оддий: розилик бўлмаса, реклама ҳам бўлмайди. Бу эса фуқароларни кутилмаган реклама қўнғироқлари ва хабарларидан ишончлироқ ҳимоя қилади.
Бундан ташқари, соат 18:00 дан эртаси куни соат 09:00 гача умуман телефон орқали реклама қўнғироқ ва хабарномаларни тарқатиш тақиқланади. Оддий қилиб айтганда, кечки овқат пайтида ёки ухлаш олдидан ортиқча “реклама” қўнғироқлари энди сизни безовта қилмайди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарорда инсоннинг кундалик ҳаётида тез-тез учрайдиган, майдадек туюлса-да, кўп вақт ва асаб талаб қиладиган муаммоларга аниқ ечимлар назарда тутилган. Меросни расмийлаштиришдаги кечикишлар, мулкка қўйилган тақиқлар ҳақида ўз вақтида хабардор бўлмаслик, шахсий маълумотлар билан боғлиқ ноаниқликлар, кутилмаган реклама қўнғироқлари ва хабарларининг ҳар бири бўйича аниқ ҳуқуқий механизм ва амалга ошириш муддати белгиланди.
Энг муҳими, бу қарор давлат хизматларини фуқаро учун янада содда, тезкор ва қулай қилишга қаратилган. Чунки одамлар давлат ислоҳотларини, аввало, қонун матни орқали эмас, балки кундалик ҳаётда яратадиган амалий қулайликлар орқали ҳис қилади.
Азиз ака энди меросни осонроқ расмийлаштиради. Дилноза опа ўз номидаги карталарни назорат қилади. Кечки соат тўққиздаги ортиқча қўнғироқ эса, умид қиламизки, тобора камайиб боради.
Ойбек ҚЎШБОҚОВ,
Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи,
иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори