Халқимиз тафаккурида уй-жой масаласи оддий маиший эҳтиёж эмас, балки инсон қадри, оила барқарорлиги ва ижтимоий фаровонлик билан чамбарчас боғлиқ қадрият сифатида шаклланган.
Халқимиз тафаккурида уй-жой масаласи оддий маиший эҳтиёж эмас, балки инсон қадри, оила барқарорлиги ва ижтимоий фаровонлик билан чамбарчас боғлиқ қадрият сифатида шаклланган. Уйли-жойли бўлиш — фаровон ҳаётнинг пойдевори, деган қараш авлоддан-авлодга ўтиб келаётгани бежиз эмас. Чунки ўз уйига эга бўлган инсон келажакка ишонч билан қарайди, меҳнат қилишга интилади, жамият ҳаётида фаол иштирок этади. Шу маънода, аҳолини муносиб уй-жой билан таъминлаш ҳар қандай давлат учун стратегик аҳамиятга эга бўлган ижтимоий вазифадир.
Сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида айнан шу масалага алоҳида эътибор қаратилаётгани давлат сиёсатининг инсонпарвар ва узоқни кўзлаган характерини кўрсатади. Уй-жой сиёсати эндиликда фақат қурилиш ҳажмлари ёки квадрат метрлар билан ўлчанмай, балки аҳолининг реал харид қобилияти, даромад даражаси ва молиявий барқарорлиги билан уйғун ҳолда шакллантирилмоқда. Бундай ёндашув уй-жой бозорини сунъий рағбатлар эмас, балки бозор тамойиллари асосида ривожлантиришга қаратилган.
Бугун ипотека кредитлари бўйича таклиф этилаётган молиявий хизматлар айни шу жараёнларнинг бир қисмидир. Бу турдаги кредитлар кўп ҳолларда фақат банк маҳсулоти сифатида қабул қилинади. Аслида эса у иқтисодиёт, ижтимоий сиёсат ва молия тизимини ўзаро боғлаб турадиган мураккаб механизмдир. У орқали бир вақтнинг ўзида бир нечта стратегик мақсадларга эришилади. Яъни, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи қондирилади, қурилиш соҳасида иқтисодий фаоллик ошади, банк тизимида узоқ муддатли ресурслар айланмаси шаклланади ва ички бозорда талаб рағбатлантирилади.
Бу ислоҳотларининг ижтимоий йўналишида, айниқса, ёш оилалар алоҳида ўрин тутади. Мустақил ҳаётни бошлаш, ўз уйига эга бўлиш ёшлар учун нафақат моддий, балки маънавий аҳамиятга эга. Уй-жой масаласидаги аниқ ечимлар уларнинг келажакка ишончини оширади, меҳнат бозорида фаолроқ бўлишга ундайди.
Куни кеча давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан бўлиб ўтган мулоқотида ёш оилалар учун ипотека кредитлари бўйича 14 фоиздан ошган фоиз юкини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш бўйича билдирилган ташаббус кўпчиликни тўлқинлантириб юборгани боиси шунда. Эндигина катта ҳаёт остонасига қадам қўйган ёш оилалар учун бу катта қўллаб-қувватлов, муҳим молиявий кўмак, келажакка бўлган ишонч белгиси эканини ҳар биримиз чуқур ҳис этдик.
Ёш оилалар учун фоиз харажатларининг бир қисми бюджетдан қоплаб берилиши, уларнинг узоқ муддатли молиявий барқарорлигига хизмат қилади. Чунки ипотека кредитининг дастлабки йилларида асосий юк айнан фоиз тўловларига тўғри келади. Давлат томонидан ана шу даврда кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш уларнинг даромадларини болалар тарбияси, таълим, соғлиқни сақлаш ва ҳаёт сифатини яхшилашга йўналтириш имконини кенгайтиради.
Ипотека орқали ёш оилалар учун уй-жойга кириш имконияти яратилиши демографик барқарорликка ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Чунки оилавий шароит барқарор бўлган жойда фарзанд тарбияси учун ҳам муносиб муҳит шаклланади. Шу жиҳатдан, ипотека ислоҳотларига ижтимоий сиёсатнинг кенг қамровли воситаси сифатида қараш мумкин.
Мазкур механизмни такомиллаштириш масаласи эса алоҳида соҳавий қарор эмас, балки иқтисодиётнинг умумий ўсиш модели билан боғлиқ тизимли ислоҳот ҳисобланади. Айниқса, бозор тамойилларига асосланган ипотека тизими аҳолининг молиявий интизомини ошириш, банклар учун хавфларни оқилона бошқариш ва давлат бюджети юкини мувозанатли тақсимлаш имконини беради.
Бир қисми давлат бюджетидан қопланади
Президентимизнинг тегишли фармонлари ва Давлат дастурларида ипотека механизмларини такомиллаштириш алоҳида устувор вазифа сифатида белгилаб қўйилгани давлат сиёсатининг янги ёндашувини акс эттиради. Бу ёндашувнинг моҳияти шундаки, уй-жой сиёсати эндиликда маъмурий тақсимот ёки чекланган имтиёзлар орқали эмас, балки бозор қонунлари, шаффоф молиялаштириш ва аниқ ҳисоб-китоблар асосида амалга оширилади.
Бу ерда давлатнинг роли ҳам ўзгармоқда. Давлат тўғридан-тўғри уй-жой тақсимловчи субъект эмас, балки ипотека бозорини ривожлантирувчи, уни тартибга солувчи ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар учун молиявий механизмлар яратувчи институт сифатида намоён бўлмоқда. Бундай модель узоқ муддатли истиқболда барқарор ва самарали ҳисобланади.
Янги босқичда амалга оширилаётган ипотека ислоҳотлари айнан шу тамойилларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган. Улар аҳолининг турли қатламлари учун уй-жойга эга бўлиш имкониятларини кенгайтириш, айниқса ўрта даромадли ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш орқали жамиятда ижтимоий мувозанатни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса ипотека бозорида реал талаб ва таклиф мувозанатини шакллантириш имконини беради. Аҳоли уй-жой харид қилишда ўз молиявий имкониятларини аниқ баҳолайди, банклар эса кредит хавфларини иқтисодий ҳисоб-китоблар асосида бошқаради.
Мамлакатимизда 2026 йил учун жами 23 триллион сўм ипотека кредитлари ажратилиши режалаштирилгани давлатнинг мазкур соҳани иқтисодий ўсиш драйвери сифатида кўраётганини яққол намоён этади. Бу рақам ипотека бозорида нафақат ижтимоий, балки макроиқтисодий аҳамиятга эга жараён кечаётганини кўрсатади. Мазкур маблағларнинг турли манбалар ҳисобидан шакллантирилгани ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳатларидан биридир. Давлат бюджети, тижорат банклари ресурслари ва махсус молиявий институтлар иштирокининг уйғунлашуви ипотека тизимини бир манбага боғлаб қўймаслик, яъни уни диверсификация қилиш имконини беради.
23 триллион сўмлик ипотека ресурсларининг 12,2 триллион сўми давлат бюджети ҳисобидан ажратилиши давлатнинг ижтимоий функцияси сақланиб қолганини англатади. Бу маблағлар, аввало, аҳолининг молиявий имкониятлари чекланган қатламлари учун ипотекага кириш имконини яратишга хизмат қилади. Бироқ бу ерда муҳим жиҳат шундаки, давлат маблағлари тўғридан-тўғри уй-жой тақсимлашга эмас, балки бозор механизмларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилмоқда. Давлат субсидиялари, фоиз харажатларини қисман қоплаш ва бошланғич бадал юкини енгиллаштириш орқали ипотека бозорида ижтимоий мувозанат таъминланяпти.
Ипотека кредитларини молиялаштиришда 7,8 триллион сўм банк ресурсларининг жалб этилиши тижорат банкларининг мазкур жараёнда фаол иштирок этаётганини кўрсатади. Бу ҳолат ипотека бозорида бозор интизомини мустаҳкамлайди. Чунки банклар ўз маблағларини кредитлашда хавфларни чуқур таҳлил қилади, қарз олувчининг тўлов қобилиятини баҳолайди ва молиявий масъулиятни оширади. Банклар иштирокининг кенгайиши ипотека маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ҳам оширади. Турли банклар томонидан таклиф этиладиган шартлар, фоиз ставкалари ва хизмат сифати аҳоли учун танлов имкониятларини кенгайтиради. Бу эса ипотека бозорининг соғлом ривожланишига хизмат қилади.
Реал бозор нархларига мослашув
Ипотека тизимида “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖ орқали 3 триллион сўм маблағ йўналтирилиши бозорда узоқ муддатли барқарорликни таъминлашга қаратилган муҳим институционал ечимдир. Қайта молиялаштириш механизми банкларга узоқ муддатли ипотека кредитлари беришда ликвидлик хавфини камайтириш имконини беради. Бу механизм орқали ипотека кредитлари иккиламчи бозорда айланади, банклар эса ўз балансини самарали бошқариш имкониятига эга бўлади. Натижада, ипотека бозори қисқа муддатли ресурсларга боғланиб қолмасдан узоқ муддатли инвестиция модели асосида ишлай бошлайди.
Ипотека кредитлари бўйича бир квартира учун ажратиладиган маблағларнинг Тошкент шаҳрида 480 миллион сўмга, ҳудудларда эса 380 миллион сўмгача оширилиши бозор конъюнктурасини инобатга олган ҳолда қабул қилинган қарордир. Чунки сўнгги йилларда қурилиш материаллари нархи ва ишчи кучи қиймати сезиларли даражада ўзгарди. Лимитларни ошириш орқали ипотека тизими реал бозор нархларига мослаштирилди. Бу аҳолининг формал равишда ипотека олиш ҳуқуқига эга бўлиб, амалда уй-жой харид қила олмаслик каби ҳолатларни камайтиради. Шу билан бирга, кредит лимитларининг ҳудудлар кесимида фарқланиши ҳудудий иқтисодий хусусиятларни ҳисобга олишга қаратилган.
Ипотека кредитлари бўйича 2,7 триллион сўм субсидия ажратилиши эса давлатнинг бозор механизмларини бузмасдан ижтимоий мақсадларга эришишга уринаётганини кўрсатади. Субсидиялар ипотека кредитларининг асосий қисмини эмас, балки бошланғич бадал ва фоиз харажатларини қисман қоплашга йўналтирилади. Бу ёндашув аҳолини бозор интизомига ўргатади. Уй-жой тўлиқ бепул берилмайди, аммо давлат молиявий юкни енгиллаштириб, ипотекага кириш имконини яратади. Натижада, ижтимоий ҳимоя ва иқтисодий самарадорлик ўртасида мувозанат таъминланади.
Ипотека кредитлари ҳажмининг ошиши ички бозорда талабни рағбатлантиришда муҳим омил ҳисобланади. Уй-жой хариди билан боғлиқ равишда маиший техника, мебель, қурилиш материаллари ва хизматлар бозорида ҳам фаоллик ортади. Бу иқтисодиётда мультипликатив самарани юзага келтиради. Ипотека орқали яратилган ҳар бир уй-жой эса фақат бир оила учун яшаш макони эмас, балки иқтисодий фаолликни оширадиган нуқтага айланади. Шу маънода, ипотека ислоҳотлари ички бозорни қўллаб-қувватлашнинг тизимли воситаси сифатида намоён бўлмоқда.
73 мингдан ортиқ оила уй-жойли бўлади
Иқтисодий рақамлар ва молиялаштириш механизмлари қанчалик мукаммал бўлмасин, ҳар қандай ислоҳотнинг ҳақиқий баҳоси унинг инсон ҳаётига қай даражада таъсир кўрсатаётгани билан ўлчанади. Шу нуқтаи назардан қараганда, ипотека тизимида амалга оширилаётган янгиланишлар аҳолининг турли қатламлари учун аниқ ижтимоий имкониятлар яратаётгани, турмуш сифатида сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлаётгани билан алоҳида аҳамиятли.
2026 йил учун режалаштирилган ипотека кредитлари ҳисобига 73 мингдан зиёд оилани уй-жой билан таъминлаш кўзда тутилгани бу шунчаки статистик кўрсаткич эмас. Мазкур рақам ортида 73 мингта алоҳида тақдир, 73 мингта оилавий барқарорлик, 73 мингта болалар учун муносиб яшаш муҳити мавжуд. Ўз уйига эга бўлган оила ижарага боғлиқликдан чиқади, келажак режаларини аниқроқ тузиш имконига эга бўлади. Бу оилавий муҳитда психологик барқарорликни кучайтиради, ижтимоий хавотирни камайтиради ва инсонларнинг давлат сиёсатига бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Ипотека тизимидаги янгиланишларнинг муҳим ижтимоий самараларидан яна бири ўрта даромадли оилалар учун уй-жойга эга бўлиш имкониятларининг кенгайишидир. Илгари бу қатлам кўп ҳолларда “имтиёзли” тоифага кирмас, бироқ бозор нархларида уй-жой харид қилиш имконияти ҳам чекланган эди. Бошланғич бадал ва фоиз харажатларини қисман қоплашга қаратилган субсидия механизми айнан шу қатлам учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Давлат бу орқали тўғридан-тўғри уй-жой бермайди, балки оилаларнинг ўз меҳнати ва даромади ҳисобидан уй-жойга эга бўлишини рағбатлантиради. Бу ижтимоий адолат ва иқтисодий масъулият ўртасидаги мувозанатни таъминлайди.
2026 йилда 30 минг нафар фуқаро ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва фоиз харажатлари учун субсидия олиши режалаштирилгани давлат қўллаб-қувватлашининг манзилли тус олганини кўрсатади. Бу ёрдам барчага эмас, балки ҳақиқатан ҳам қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган оилаларга йўналтирилаётгани билан аҳамиятли.
Ипотека кредитлари лимитларининг Тошкент шаҳри ва ҳудудлар кесимида алоҳида белгиланиши эса аҳолининг яшаш жойидан қатъий назар уй-жойга эга бўлиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган қарор ҳисобланади. Бу ёндашув ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тафовутларни юмшатишга хизмат қилади. Маҳаллий иқтисодиётга қўшимча туртки беради, иш ўринлари яратади ва ички миграция босимини камайтиради. Одамлар иш ва яшаш учун фақат пойтахтга интилмасдан, ўз ҳудудида муносиб шароитга эга бўлиши ижтимоий барқарорлик учун муҳим омил ҳисобланади.
Аслида ипотека тизими иқтисодиётдаги турли тармоқларни ўзаро боғлайдиган, талаб ва таклиф занжирини ҳаракатга келтирадиган муҳим мультипликатор вазифани бажаради. Бундай турдаги кредитлар ҳажмининг ошиши, энг аввало, қурилиш соҳасида иқтисодий фаолликни кучайтиради. Янги уй-жойларга бўлган талаб қурилиш компанияларини лойиҳаларни кенгайтиришга, янги иш ўринлари яратишга ва замонавий технологияларни жорий этишга ундайди. Бу эса қурилиш соҳасининг ўзидан ташқаридаги қатор тармоқларга ҳам таъсир кўрсатади. Қурилиш материаллари, логистика, транспорт ва хизматлар соҳасида ҳам янги буюртмалар пайдо бўлади. Натижада ипотека орқали бошланган жараён бутун иқтисодий занжир бўйлаб тарқалади.
Ипотека ислоҳотларининг энг муҳим жиҳати ички бозорда талабни сунъий чоралар билан эмас, балки аҳолининг реал харид қобилияти орқали рағбатлантиришидир. Уй-жойга эга бўлган оила ўз яшаш маконини жиҳозлашга, маиший техника, мебель, хизматлар харид қилишга эҳтиёж сезади. Бу ички бозорда барқарор талаб шаклланишига хизмат қилади. Бандликнинг ошиши ижтимоий муаммоларнинг юмшашига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Аҳоли ўз меҳнати орқали даромад топиб, уй-жойга эга бўлаётгани жамиятда ижтимоий адолат ҳиссини мустаҳкамлайди.
Уй-жой учун кредит ажратилиши банк тизимида узоқ муддатли ресурслар айланмасини шакллантиради. Бу ҳолат банкларнинг стратегик режалаштириш имкониятларини кенгайтиради, молиявий барқарорликни мустаҳкамлайди. Қайта молиялаштириш механизмлари орқали ипотека кредитларининг иккиламчи бозорда айланиши молия тизимини янада чуқурлаштиради. Молия бозорининг бундай ривожланиши инвестиция муҳитини яхшилаб, ички ва ташқи инвесторлар учун ишончли сигнал бўлиб хизмат қилади. Натижада ипотека ислоҳотлари фақат аҳоли учун эмас, балки бутун иқтисодиёт учун институционал барқарорлик омилига айланади.
Хулоса қилиб айтганда, бозор тамойилларига асосланган ипотека механизмларини такомиллаштириш Ўзбекистонда аҳолини уй-жой билан таъминлаш сиёсатида сифат жиҳатдан янги босқични бошлаб бермоқда. Бу босқичда уй-жой масаласига фақат ижтимоий муаммо сифатида эмас, балки иқтисодий ўсиш, ички бозорни рағбатлантириш ва жамият барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омили сифатида қаралмоқда.
Мазкур ислоҳотлар аҳолининг реал эҳтиёжларига таянган ҳолда шакллантирилгани, бозор механизмлари ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ўртасида мувозанат топилгани билан аҳамиятлидир. Энг муҳими, ипотека сиёсати инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир оиланинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
“Янги Ўзбекистон” тараққиёт модели айнан шундай ёндашувлар орқали иқтисодий ҳисоб-китоб, ижтимоий адолат ва инсон манфаатлари уйғунлиги асосида шаклланади. Ипотека ислоҳотлари эса ана шу моделнинг амалий ифодаси сифатида жамият ҳаётида ўз ўрнини топмоқда.
Нуриддин СОТИВОЛДИEВ
Парламент тадқиқотлар институти бош илмий ходими