
Туркистон — Аҳмад Яссавий мероси билан боғлиқ, асрлар давомида туркий халқларнинг маънавий маркази сифатида шаклланган тарихий маскан. Айнан шу шаҳарда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлатлар XXI асрнинг энг муҳим стратегик мавзуларидан бири — сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт ва технологик ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун жам бўлди.
Саммитнинг Туркистон шаҳрида ўтказилиши рамзий ва сиёсий жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Чунки мазкур тадбир нафақат умумий тарихий-маданий мерос, балки туркий давлатларнинг келажак тараққиёти рақамли технологиялар ва инновациялар билан бевосита боғлиқ эканини намоён қилди. Қадимий цивилизациялар чорраҳасида жойлашган шаҳар бу сафар рақамли цивилизация масалалари муҳокама қилинган янги сиёсий мулоқот майдонига айланди.
Айниқса, Президентимизнинг норасмий саммитдаги нутқи мазкур жараённинг фақат технологик эмас, балки цивилизацион аҳамиятга эга эканини яна бир бор кўрсатди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, туркий дунё интеграцияси халқларимиз тақдирига дахлдор узоқ муддатли стратегик масалага айланмоқда.
Президентимиз нутқида бугунги геосиёсий вазиятнинг мураккаблиги, халқаро муносабатларда ишонч тақчиллиги кучайиб бораётгани ва глобал институтлар таъсирининг пасайиши алоҳида қайд этилди. Бу эса туркий давлатларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги ва умумий позиция шакллантиришини тарихий заруратга айлантирмоқда. Шу нуқтаи назардан, Туркистон саммити фақат навбатдаги дипломатик тадбир эмас, балки туркий давлатларнинг янги рақамли геосиёсий маконда ўз ўрнини белгилашга қаратилган стратегик мулоқоти сифатида муҳим аҳамият касб этди.
Туркий давлатлар ташкилоти сўнгги йилларда минтақавий ҳамкорликнинг янги институционал модели сифатида шаклланиб бормоқда. 2021 йили Истанбул саммитида расман ташкил этилган ушбу тузилма бугун Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон ва Қирғизистонни бирлаштирган муҳим халқаро платформага айланди. Туркманистон ва Венгрия кузатувчи давлат сифатида иштирок этмоқда.
ТДТ бугун барқарор ривожланиш суръатини намоён этаётган нуфузли тузилмага айланди. Хусусан, 2025 йилда давлатларнинг умумий иқтисодий салоҳияти 2,4 триллион доллардан ошди ва ўсиш суръати глобал иқтисодий ўсишдан икки баробар юқори бўлди. Ташкилотга аъзо мамлакатлар жами 170 миллиондан ортиқ аҳоли, улкан табиий ресурслар, катта ички бозор ва муҳим транзит имкониятларига эга маконни қамраб олган. Бу макон Евроосиё геоиқтисодий харитасида тобора катта аҳамият касб этмоқда.
Сўнгги йилларда ташкилот доирасидаги иқтисодий ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, 2025 йилда тузилмага аъзо мамлакатларнинг умумий ташқи савдо айланмаси 1,2 триллион доллардан ошган.
Президентимиз ҳам ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистоннинг ташкилот мамлакатлари билан савдо айланмаси 14 фоиз ўсиб, деярли 11 миллиард долларга етганини таъкидлади. Бу рақам туркий давлатлар мамлакатимиз ташқи иқтисодий сиёсатида тобора муҳим ўрин эгаллаётганини кўрсатади. Ҳисоб-китобларга кўра, аъзо мамлакатларга экспорт қийматини яна 2,7 миллиард долларга ошириш имконияти мавжуд.
2026 йил апрель ҳолатига кўра, юртимизда ТДТ мамлакатлари капитали иштирокида 4500 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. 2017- 2025 йилларда ушбу давлатлардан жалб қилинган инвестициялар умумий ҳажми 11,5 миллиард доллардан ошган.
Саммит кун тартибига сунъий интеллект мавзусининг олиб чиқилиши бежиз эмас. Чунки бугун сунъий интеллект технологиялари жаҳон иқтисодиётининг янги драйверига айланмоқда. Халқаро прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб, сунъий интеллект бозори қиймати 20 триллион долларга яқинлашиши мумкин. Алгоритмик ўрганиш технологиялари, катта маълумотлар таҳлили, визуал маълумотларни таҳлил қилиш тизимлари ва интеллектуал бошқарув механизмлари давлат бошқарувидан тортиб, тиббиёт, таълим, молия ва қишлоқ хўжалигигача бўлган соҳаларни тубдан ўзгартирмоқда.
Президентимиз нутқида сунъий интеллект ривожи туркий халқларнинг бой илмий мероси билан боғланди. Давлатимиз раҳбари Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний ва Мирзо Улуғбек каби улуғ аждодларимизнинг алгоритм, математика ва астрономия соҳаларидаги кашфиёти бугунги сунъий интеллект тараққиёти учун пойдевор бўлганини таъкидлади. Бу ёндашув жуда муҳим. Чунки рақамли тараққиёт фақат технология импорт қилиш ёки дастурий маҳсулот ишлаб чиқиш билан чекланмайди. У цивилизацион хотира, интеллектуал анъана ва илмий мерос билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
ТДТ давлатлари учун мазкур жараён икки томонлама аҳамият касб этади. Бир томондан, рақамли технологиялар иқтисодий тараққиётни тезлаштириш имконини берса, иккинчи томондан эса глобал рақамли рақобат шароитида технологик қарамлик хавфи ҳам кучаймоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, Туркистон саммити туркий давлатларнинг рақамли келажак борасида умумий позиция шакллантиришга интилаётганини кўрсатди.
Саммитда Президентимиз илгари сурган энг муҳим ташаббуслардан бири “Рақамли туркий йўлак” концепцияси бўлди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Ўзбекистон сўнгги йилларда хорижий инвесторлар билан дата марказлар барпо этишга 6 миллиард доллар сармоя жалб этмоқда. Бу жараён мамлакатимизни минтақавий рақамли хабга айлантиришга қаратилган узоқ муддатли стратегиянинг муҳим қисмидир.
Рақамли туркий йўлак концепцияси эса туркий давлатлар дата марказларини юқори тезликдаги алоқа каналлари билан боғлашни назарда тутади. Бу ташаббуснинг геоиқтисодий аҳамияти жуда катта. Чунки XXI асрда рақобат нефть-газ ёки саноат қувватлари билан бирга маълумотлар инфратузилмаси, серверлар, булутли технологиялар ва рақамли платформалар устидан назорат учун ҳам кучаймоқда. Агар тузилмага аъзо давлатлар ўзаро интеграциялашган рақамли инфратузилма ярата олса, Евроосиёда янги технологик макон шаклланиши мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг Тошкент шаҳрида Технологиялар форумини ўтказиш ташаббуси ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилади. Бу форум туркий давлатларнинг АT компаниялари, стартаплари, олимлари ва инвесторларини ягона майдонда бирлаштиради.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон туркий давлатлар ўртасидаги иқтисодий, транспорт-коммуникация, таълим ва рақамли ҳамкорлик жараёнларининг муҳим иштирокчисига айланди. Айниқса, рақамли трансформация ва сунъий интеллект соҳасидаги ислоҳотлар мамлакатимизнинг минтақавий технологик марказ сифатидаги ўрнини мустаҳкамламоқда.
Президентимизнинг Ислом цивилизацияси маркази негизида ТУРКСОЙ ва Туркий академия билан биргаликда тарихий-маданий манбаларни ягона катта маълумотлар платформасига жамлаш таклифи ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилади. Бу лойиҳа амалга ошса, туркий халқларнинг илмий, адабий ва маданий мероси рақамли шаклда ягона интеллектуал экотизимга айланиши мумкин.
Рақамли иқтисодиёт инфратузилма ёки серверлар билан эмас, малакали кадрлар билан қурилади. Шу нуқтаи назардан, кадрлар тайёрлаш масаласи давлат сиёсатининг марказий йўналишларидан бирига айланмоқда. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб сунъий интеллект ва АT соҳаси бўйича давлат грантлари 35 фоиз оширилиши режалаштирилган. “Янги Ўзбекистон” университети негизида сунъий интеллект кластерини ташкил этиш, соҳавий мураббийлар тайёрлаш ва рақамли соҳада 1 миллион мутахассис етиштириш вазифаси қўйилган.
Президентимиз саммитда “5 миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури ҳақида ҳам алоҳида тўхталди. Ҳозирга қадар мазкур лойиҳа орқали 1 миллиондан ортиқ ёш бошланғич кўникмага эга бўлди. Бу рақам Ўзбекистоннинг фақат технология импорт қилувчи эмас, балки рақамли иқтисодиёт учун инсон капитали тайёрлайдиган давлатга айланишга интилаётганини англатади.
Давлатимиз раҳбарининг ёшлар стартаплари ва инновацион ишланмаларини молиялаштириш учун Қозоғистон билан қўшма венчур жамғармаси тузилаётгани ҳақидаги маълумоти ҳам катта аҳамиятга эга. Бу жараён минтақада технологик капитал бозорини шакллантириш учун муҳим қадам бўлиши мумкин.
Рақамли иқтисодиёт қанчалик кенгайса, кибертаҳдидлар ҳам шунчалик мураккаблашади. Шунинг учун ягона киберхавфсизлик стандартлари, тезкор ахборот алмашув механизмлари ва рақамли инфратузилмани ҳимоя қилиш бўйича мувофиқлаштирилган сиёсат зарур. Президентимиз саммитда Киберхавфсизлик ва рақамли инфратузилмани ҳимоя қилиш бўйича туркий альянс тузиш ташаббусини илгари сурди. Бу ташаббуснинг аҳамияти жуда катта. Чунки бугун киберхавфсизлик масаласи фақат техник муаммо эмас. У миллий хавфсизлик, иқтисодий барқарорлик ва давлат суверенитети билан бевосита боғлиқ. Бугун дунёда киберҳужумлар энергетика тизимлари, банк инфратузилмаси, транспорт тармоқлари ва давлат маълумотлар базаларига қарши қаратилмоқда. Шундай шароитда туркий давлатларнинг алоҳида-алоҳида ҳаракат қилиши етарли бўлмайди. Ягона рақамли хавфсизлик маконини шакллантириш стратегик заруратга айланмоқда.
Саммит доирасида муҳокама қилинган муҳим ташаббуслардан бири OTS-SAT илмий-таълимий сунъий йўлдоши лойиҳаси бўлди. У туркий давлатларнинг космик технологиялар соҳасида ҳамкорлик қилиш имконияти кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Замонавий рақамли иқтисодиёт фақат дастурий таъминот ёки интернет хизматлари билан чекланмайди. Космик инфратузилма, сунъий йўлдош технологиялари ва катта маълумотлар тизими ҳам рақамли суверенитетнинг муҳим қисми. Ушбу соҳада ҳамкорлик қилиш туркий давлатларга аграр мониторинг, иқлим кузатуви, логистика ва хавфсизлик тизимларида янги имкониятлар очиши мумкин.
Туркистон саммитининг норасмий форматда ўтказилгани ҳам эътиборга молик. Бундай формат давлат раҳбарларига қатъий дипломатик протоколлардан холи равишда стратегик масалаларни муҳокама қилиш имконини беради. Кўп ҳолларда айнан норасмий саммитларда кейинчалик йирик сиёсий ва иқтисодий қарорларга асос бўладиган ғоялар шаклланади. Шу маънода, Туркистон саммити ТДТнинг янги ривожланиш босқичига ўтаётганини кўрсатди.
Президентимиз Туркистон декларацияси “Туркий дунё нигоҳи — 2040” концепциясида белгиланган мақсадларга эришиш йўлида муҳим қадам бўлишини таъкидлади. Бу декларациянинг ҳақиқий аҳамияти эса амалий механизмлар, қўшма инвестициялар ва институционал ислоҳотлар билан белгиланади.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган “Рақамли туркий йўлак”, Киберхавфсизлик альянси, умумий “катта маълумотлар” платформаси, ёшлар стартапларини қўллаб-қувватлаш ва иқлим мониторинги тизими каби ташаббуслар айнан шу мақсадга хизмат қилади.
Энг муҳими, туркий давлатлар рақамли келажакни ташқи технологиялар импорти орқали эмас, балки умумий стратегия, интеллектуал ҳамкорлик ва қўшма инновациялар асосида қуришга интилаётганини намоён қилди. Бу эса Туркистон саммитининг ҳақиқий тарихий аҳамиятини белгилайди. Чунки XXI асрда рақобат энди фақат ҳудудлар ёки ресурслар учун эмас, балки интеллект, маълумот ва технологиялар учун кечмоқда. Туркий дунё эса ушбу янги рақобатда ўз овози, ўз стратегияси ва ўз рақамли цивилизацион маконини шакллантиришга ҳаракат қилмоқда.
Ойбек ҚЎШБОҚОВ,
Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси, № 103 (1702), 2026 йил 22 май, жума