
Қонун қанчалик кенг жамоатчилик иштирокида қабул қилинса, ижтимоий ишонч даражаси ва амалий самарадорлиги шунчалик юқори бўлади. Сўнгги йилларда қабул қилинган қарорлар давлат бошқарувида инсон манфаатини устувор қўйган янги ёндашув қарор топаётганини яққол намоён этмоқда. Эътибор реал натижага, инсон фаровонлигига қаратилмоқда. Бу эса қонунларнинг ҳаётийлиги, халқчиллиги ва амалий қийматини сезиларли даражада оширмоқда. Натижада фуқаролар қонун ижодкорлиги жараёнида фаол иштирок этмоқда.
Бу ёндашув бугун замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект ривожи билан янада мустаҳкамланмоқда. Шундан келиб чиқиб, сўнгги йилларда жамият ва давлат ўртасидаги муносабатлар янги босқичга чиқиб, очиқлик ва мулоқот кўлами янада кенгаймоқда. “Тирик ҳуқуқ” концепциясига кўра, ҳуқуқ фақат қонун матнларида эмас, балки жамиятнинг кундалик ҳаётида, одатларида ва ижтимоий муносабатларида намоён бўлади.
Шу боис, қонунлар жамият эҳтиёжлари ва қадриятлари билан уйғун ҳолда шаклланиши жуда муҳим. Айнан шу ёндашув янги Ўзбекистон тараққиёт йўлида ўз аксини топмоқда: қонун ижодкорлиги халқ билан ҳамқадам ривожланмоқда, Парламент ушбу жараёнларга тез мослашиб, қонун ижодкорлигини жамоатчилик фикрига таянган ҳолда ташкил этмоқда.
Энг аввало, конституциявий ислоҳотлар жараёнида ўтказилган умумхалқ муҳокамаси жамиятимизда ижтимоий онг ва тафаккурни янгилашга хизмат қилди. Халқимиз фаол иштироки ва кенг қўллаб-қувватлови натижасида янги таҳрирдаги Конституциямиз халқ тафаккури маҳсули сифатида шаклланиб, бугун ҳаётимизнинг ҳақиқий “тирик ҳужжати”га айланди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда 100 минг нафардан кам бўлмаган фуқароларга қонунчилик таклифларини Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи берилиши фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини сезиларли даражада кенгайтирди. Бу норма халқнинг давлат ҳокимияти манбаи сифатидаги ролини амалда мустаҳкамлаб, конституциявий қоидаларнинг ҳаётдаги таъсирчанлигини оширишга хизмат қилмоқда. Мазкур институт жамоатчилик ташаббусларини давлат сиёсатини шакллантириш жараёнига тизимли равишда жалб этиш имконини яратиб, ижтимоий эҳтиёжлар ва жамоат фикрининг қонунлар мазмунига бевосита таъсир кўрсатишини таъминламоқда.
Ушбу конституциявий янгиликлар парламент фаолиятида ҳам амалий ифодасини топмоқда. Қонун лойиҳалари кенг муҳокамага ўйилиб, экспертлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан билдирилган фикрлар изчил равишда инобатга олинмоқда.
Қонун ижодкорлигида очиқлик ва иштирокни таъминлашда рақамли платформалар парламент фаолиятининг ажралмас қисмига айланмоқда. Бу борада regulation.gov.uz портали Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятини янада шаффоф ва жамоатчиликка яқин қилди. Қонун лойиҳалари энди кенг муҳокама майдонида шаклланмоқда. Фуқаролар, экспертлар ва нодавлат ташкилотлар томонидан билдирилган фикрлар парламент муҳокамаларида инобатга олинмоқда. Натижада қонунлар мазмуни бойимоқда, уларнинг ҳаётийлиги ва амалий қиймати ортиб бормоқда.
Айниқса, “Mening fikrim” платформаси парламент билан жамоатчилик ўртасидаги мулоқотни янги босқичга олиб чиқди. У орқали фуқаролар ташаббуслари тизимли равишда қонунчилик жараёнига кириб бормоқда. Етарли қўллаб-қувватловга эга таклифлар Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий кенгашлар томонидан расман кўриб чиқилиши парламентнинг халқ овозига таянаётганини кўрсатади. Талабалар учун контракт тўловларининг қайта кўриб чиқилиши, йўл ҳаракати хавфсизлигига оид қарорлар, транспорт соҳасидаги енгилликлар каби мисоллар парламент қарорларида жамоатчилик ташаббуслари акс этаётганининг яққол далилидир.
Қонун ижодкорлигида жамоатчилик иштироки ҳақида сўз юритар эканмиз, миллий давлатчилигимизда муҳим ўрин тутган маҳалла институтини алоҳида таъкидлаш зарур. Кўп асрлик анъана ва қадриятларни ўзида мужассам этган маҳалла халқимизнинг дарду ташвишлари, орзу-умидлари ва ижтимоий кайфиятини ифода этувчи шарқонадемократия мактабидир. У фуқаролик жамияти институти сифатида давлат, жамият ва фуқарони боғловчи кўприк, жамоатчилик назоратининг муҳим бўғинидир. Айнан шу маконда аҳолининг эҳтиёжлари аниқланади, ижтимоий фикр шаклланади ва давлат органларига долзарб ахборот етказилади. Бу жараён Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари фаолияти учун ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз округидаги маҳаллалар билан доимий мулоқотда бўлиб, аҳолининг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганади. Маҳалла шу маънода депутат учун жамиятнинг тирик кўзгуси вазифасини бажармоқда. Қайси муаммолар долзарблиги, қайси соҳада қонунчиликни такомиллаштириш зарурлиги айнан маҳаллада аниқланади. Жамоавий муҳокама орқали шаклланган ижтимоий фикр депутатлар томонидан қонун ташаббусларига айлантирилиб, парламент муҳокамаларига олиб кирилади. Шу орқали маҳалладан чиққан жамоатчилик сигналлари давлат сиёсатига, қонунлар мазмунига таъсир кўрсатиб, қонун ижодкорлиги жараёнини ҳаётга янада яқинлаштиришга хизмат қилмоқда.
Бугун қонун ижодкорлиги инсон қадрини устувор қўйган, халқ иштирокига таянган ва очиқ мулоқотга асосланган, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Парламент фаолиятида шаффофликнинг кучайиши, рақамли платформалар орқали фуқаролар ташаббусининг қонунчилик жараёнига изчил кириб бориши, маҳалла институти ва депутатлик фаолияти ўртасидаги самарали уйғунлик қонунларнинг ҳаётийлиги ва таъсирчанлигини таъминламоқда. Натижада жамият эҳтиёжлари тўғридан тўғри қонунлар мазмунига сингмоқда, фуқаролар эса давлат бошқарувининг фаол иштирокчиси сифатида шаклланиб, парламентга ишонч ва ислоҳотлар барқарорлиги мустаҳкамланмоқда.
Валишер Давлятов,
Парламент тадқиқотлари институти директор ўринбосари,
юридик фанлар доктори, профессор