Ортга қайтиш Чоп этиш

Биргаликдаги тарбия – бола ҳуқуқларини таъминлашнинг янги босқичи

 

Мамлакатимизда оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, бола ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Жамиятда ажралиш ҳолатлари ортиб бораётган ҳозирги шароитда боланинг ҳар икки ота-она билан муносабатда бўлиш ҳуқуқини таъминлаш масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис ажримдан кейин болаларни биргаликда тарбиялаш институтини жорий этиш зарурати кун тартибида турибди.

Ўзбекистонда ажралиш даражаси нисбатан паст бўлиб келган. Бироқ сўнгги йилларда мамлакатда ажралишлар сони сезиларли даражада ўсган. Маълумотларга кўра, 2024 йилда, республика бўйича 45,1 мингта никоҳдан ажралиш ҳолати қайд этилган бўлиб, бу 2020 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 59,9 фоизга кўпдир.

Шу билан бирга, ажралишларнинг ярмидан ортиғи (23,5 мингта ҳолат, ёки 52 фоиз) болали оилалар ҳиссасига тўғри келади. Уларнинг қарийб 90 фоизи болалар онаси билан қолади, бу эса боланинг ота билан муносабатлари узилиб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Ажралишдан сўнг боланинг ота ёки онадан бири билан доимий мулоқот имкониятидан маҳрум бўлиши унинг руҳий ҳолати, таълим жараёни ва ижтимоий ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида ота ва онанинг бола тарбиясида тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгалиги белгилаб қўйилган. Бироқ, амалда ажримдан кейинги муносабатлар “биргаликда тарбиялаш” тамойили асосида эмас, балки болани бир томон билан қолдириш усулида ҳал этилади. Қонунчиликда “биргаликда тарбиялаш” тушунчаси ҳуқуқий жиҳатдан белгиланмагани сабабли, суд қарорларида фақат бола қайси ота-она билан яшаши кўрсатилади. Боланинг иккинчи ота-она билан мулоқот қилиш, унинг ҳаётида иштирок этиш тартиби эса томонларнинг ўзаро келишувига боғлиқ ҳолда қолмоқда. Шунингдек, расман ажрашмаган, бироқ алоҳида яшайдиган ота-оналарнинг болани тарбиялашдаги иштироки ҳам ҳуқуқий тартибга солинмаган. Бу эса БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси 9-моддасида белгиланган “боланинг ҳар икки ота-она билан мунтазам алоқада бўлиш ҳуқуқи” тамойилига зид ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Натижада болаларда психологик ва ижтимоий муаммолар, ота ёки онага нисбатан салбий стереотиплар шаклланиши мумкин.

Болани ажралишдан кейин биргаликда тарбиялаш институти кўплаб давлатларда муваффақиятли амалга оширилмоқда. Жумладан, Германияда “биргаликдаги васийлик” институти қонун даражасида жорий этилган бўлиб, ажралиш вақтида, одатда, ота-онанинг бола устидан биргаликдаги васийлиги сақланади. Фақат ота-оналардан бири якка васийликни сўраган ва бунинг учун асосли сабабларни келтирган тақдирдагина суд тегишли қарор қабул қилиши мумкин.

Польша қонунчилигига кўра, суд ажралиш тўғрисидаги қарорда эр-хотиннинг вояга етмаган фарзандига нисбатан ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартибини, шунингдек ота-онанинг бола билан мулоқот қилиш тартибини белгилайди. Шу билан бирга, суд боланинг таъминоти ва тарбияси билан боғлиқ харажатларда ҳар бир ота-онанинг иштироки улушини белгилайди. Агар боланинг манфаатларидан келиб чиқиб бошқача тартиб талаб этилмаса, ака-укалар ҳамда опа-сингиллар биргаликда тарбияланишлари лозимлиги белгиланган.

Бразилияда медиация давомида судья ота ва онани биргаликдаги тарбиялашнинг аҳамияти ва унинг муҳимлиги, ота-оналар зиммасига юклатилган мажбуриятлар ҳамда ҳуқуқларнинг тенглиги тўғрисида хабардор қилади. Агар она ва ота ўртасида болани васийликка олиш тартиби бўйича келишув мавжуд бўлмаса, ёки ота-оналардан бири болани васийликка олишни истамаслигини билдирмаган бўлса ва оилавий ёки маиший зўравонлик хавфи мавжудлигига оид маълумотлар топилмаса, суд томонидан биргаликдаги васийлик қўлланилади. Шунингдек, ота-онанинг мажбуриятларини ва биргаликдаги васийлик шароитида боланинг яшаш тартибини белгилаш мақсадида суд бола билан ота ва она ўртасидаги вақтни адолатли тақсимлаш юзасидан мутахассислар хулосасига мурожаат қилиши мумкин.

Қўшни Қозоғистонда ҳам жорий йил апрель ойида фуқаролар томонидан ажралишдан кейин болаларни биргаликда тарбиялаш институтини жорий этиш бўйича петиция илгари сурилди. Ҳозирда ушбу масала жамоатчилик муҳокамасида фаол кўтарилмоқда. Петиция муаллифлари қонунчиликка “биргаликда тарбиялаш” тушунчасини киритиш, уни ажралишдан кейин болани тарбиялаш ва таъминотида ота-онанинг тенг иштироки сифатида ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, шунингдек боланинг ота ва она билан яшаш жадвалини белгилашни таклиф қилмоқдалар.

Россия Федерациясида эса ушбу институтни қонун даражасида жорий этиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Давлат Думасига киритилган қонун лойиҳасига кўра, янги тартиб — “биргаликда тарбиялаш” институти боланинг ота ва она билан яшаш жадвалини белгилаш ва ушбу тарбия шартлари тўғрисидаги келишувни назарда тутади. Қонун лойиҳаси муаллифлари фикрига кўра, бу тартиб болаларнинг ҳар икки ота-она билан тўлақонли мулоқотда бўлишини таъминлайди.

Бу тажрибаларнинг умумий хулосаси шундан иборатки: биргаликда тарбия институти нафақат ота-оналар ўртасидаги масъулиятни тенг тақсимлайди, балки боланинг эмоционал барқарорлиги ва ижтимоий ривожланишига хизмат қилади.

Мамлакатимизда ҳам мазкур институтни жорий этиш вақти келди. Суд ажрашиш жараёнида болани ким билан қолдириш эмас, балки уни ҳар икки ота-она билан қандай тарбиялаш масаласини ҳал этиши лозим. Шунингдек, ажралиш жараёнида бола тарбияси бўйича аниқ режа — боланинг икки ота-она билан мулоқот жадвали, қарор қабул қилиш механизми ва бола манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини ўз ичига олган ҳужжат — суд орқали тасдиқланиши керак. Бундан ташқари, ажрашиш учун ариза берган ота-оналар учун мажбурий медиация ва маслаҳат жараёнларини жорий этиш мақсадга мувофиқ. Бу, айниқса, низоларни муросага келтириш, бола манфаатларини устувор қўйишга хизмат қилади.

Биргаликдаги тарбия институтини жорий этиш оила қонунчилигини халқаро стандартлар билан уйғунлаштиради, бола ҳуқуқларини тўлиқ таъминлайди, ота ва она ўртасида масъулият ҳамда мулоқот маданиятини мустаҳкамлайди, жамиятда ота ролини кучайтиришга ва соғлом авлод тарбиясига хизмат қилади.

Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий қонуншунослик соҳасида тадқиқотлар бўлими бош илмий ходими

Рўзметов Отабек Ойбекович