Ортга қайтиш Чоп этиш

“Xориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Xориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳа ташаббускори –  Маданият вазирлиги.

Ватандош — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туғилган ёки илгари унинг ҳудудида яшаган, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига эга бўлмаган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида яшайдиган шахс ва унинг насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган ўзидан кейинги қариндошлари, башарти, агар уларнинг насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган ўзидан олдинги қариндошлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаётган бўлса ҳамда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бўлса.

Лойиҳа билан ватандошларга давлат томонидан қуйидаги қўллаб-қувватлаш ва рағбат чоралари кўрилиши мумкинлиги белгиланмоқда:

·         кириш визаларини соддалаштирилган ҳолда расмийлаштириш, вақтинчалик яшашга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланишга рухсатнома бериш;

·         юқори малакали кадрларни Ўзбекистонда зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ишга олиш;

·         ижтимоий ва маиший масалаларни ҳал қилишга ёрдам бериш;

·         давлат тасарруфидаги бўш турган объектларни ва ер майдонларини ватандошларга тадбиркорлик, илмий-тадқиқот, маърифий, инновацион ва бошқа дастур ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратиб бериш;

·         ватандошларнинг ўқиши, иши ва бошқа ижтимоий масалаларини ижобий ҳал этишда ҳамкорлик қилиш;

·         ватандошлар орасида юқори малакали мутахассисларни давлат ва хўжалик бошқаруви, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ва бошқа давлат ташкилотларига раҳбарлик лавозимларига, шунингдек, ушбу ташкилотлар раҳбарларининг консультанти (маслаҳатчиси) сифатида жалб қилиш;

·         соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериш;

·         ватандошлар — хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг Олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти, тарих, кино, маданият, театр санъати, телевидение ва радио йўналишлари бўйича таълим олишлари учун грантлар ажратиш;

·         ватандошларнинг ОАВларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аккредитациядан ўтишини соддалаштириш;

·         Ўзбекистон Республикасини ривожланишига муносиб ҳисса қўшган ватандошларни давлат мукофотлари ва фахрий унвонлар билан тақдирлаш.

Лойиҳа муҳокамаси 2024 йил 31 июлга қадар давом этади.