
Мамлакатимизда кейинги йилларда аҳолининг кенг қатламлари, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларнинг мунтазам спорт билан шуғулланиши учун зарур шароитлар яратиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Барча турдаги спорт таълим муассасаларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун спорт бўлимларини босқичма-босқич ташкил этиш, иқтидорли ёшларни танлаб олиш, уларни спорт турларига йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Паралимпия спорт турларини ҳар томонлама ривожлантириш ва оммалаштириш, ушбу спорт турлари бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, спорт таълим муассасаларида фаолият юритаётган паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш мақсадида салмоқли ишлар қилинди.
Ушбу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида соҳага доир бир қатор Президент фармон ва қарорлари қабул қилиниб, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилган аниқ дастурлар амалиётга жорий этилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси ҳамда 2022 ‒ 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишга оид давлат дастурларида соҳада давлат сиёсатини амалга оширишнинг мақсадлари, вазифалари ва узоқ муддатли ривожланишининг асосий йўналишлари белгиланди.
Мазкур дастурларда кўрсатилган мақсадлар ҳамда вазифалар ижросини таъминлаш, аҳоли орасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитларни кенгайтириш борасида улкан ишлар амалга оширилаётган бўлса-да, Қонунчилик палатаси депутатларининг сайловчилар билан учрашувларида, шунингдек ўтказилган назорат-таҳлил тадбирлари давомида соҳада бир қатор камчиликлар борлиги аниқланди.
Жумладан, чекка ҳудудларда жойлашган маҳаллаларда имконияти чекланган инсонларни спорт ва жисмоний тарбияга кенг жалб этиш борасидаги ишлар етарлича ташкил этилмаган. Масалан, маҳаллаларда “Беш ташаббус паралимпиадаси” оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш борасидаги ишлар самарали олиб борилмаяпти.
Шунингдек, паралимпия спорт турлари бўйича кадрлар, тренерлар етишмовчилигини бартараф этиш ҳамда спорт иншоотларида ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайлик яратиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланмасдан қолмоқда.
Мисол учун, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида имконияти чекланган ёшлар сони 3000 нафарга яқин бўлса-да, ўтказилган ўрганишлар давомида ҳудудда уларни спорт турларига тайёрлаш бўйича махсус мураббийлар йўқлиги, шунингдек мавжуд спорт инфратузилмасининг талаб даражасида эмаслиги ва замонавий спорт анжомлари билан жиҳозланмагани маълум бўлди.
Шу билан бирга, сайловчилардан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили республикамизнинг аксарият ҳудудларида ҳам олий маълумотли тренерларга эҳтиёж мавжудлигини, айрим умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг спорт билан шуғулланиши учун етарлича шароит яратилмаганини, ёшлар ўртасида спорт мусобақалари тизимли равишда йўлга қўйилмаганини кўсатмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисда шундан келиб чиқиб, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.Икрамовга “Аҳолининг кенг қатламлари, шу жумладан жисмоний имконияти чекланган ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида спорт ва жисмоний тарбия бўйича оммавий тадбирларни ташкил этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги масала юзасидан Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарори қабул қилинди.