







2024 йил 30 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Сенат ва Парламент тадқиқотлари институти томонидан “Янги Ўзбекистон Конституцияси: амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери, сиёсий партия фракциялари раҳбарлари, депутатлар, Конституциявий суд судьялари, Парламент тадқиқотлари институти, илмий-тадқиқот муассасалар ходимлари, олимлар, профессор-ўқитувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Конференцияда таъкидланганидек, бундан роппа-роса бир йил олдин, яъни 2023 йил 30 апрель куни мамлакатимизда ўтказилган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинганди. Мазкур муҳим сиёсий жараёнда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Бош қомусимизни ёқлаб овоз бергани унда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганини ифода этади.
Янги таҳрирдаги Конституция бевосита халқ томонидан қабул қилиниб, тўғридан-тўғри амалга киритилган биринчи ҳужжат бўлди. Бунинг энг аҳамиятли томони, барчанинг овози бир хил мақомга ва кучга эга эканлигидадир.
Бош қомусимиз қабул қилинган илк кунларданоқ, уни ҳаётга изчил татбиқ этишга жиддий киришилди. Дастлаб, Президентимиз Фармони асосида Конституцияни амалга ошириш бўйича Давлат комиссияси ташкил этилди. 5 та экспертлик кенгашлари тузилди.
Олий Мажлис палаталари томонидан 38 та банддан иборат Конституция моҳиятини тушунтириш бўйича комплекс дастур қабул қилинди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 2 500 дан ортиқ ходимлари янгиланган Конституция талаблари асосида ўқитилди. Янги таҳрирдаги Конституция 377 минг нусхада (ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида) чоп этилиб, 99 та вазирлик ва идоралар, уларнинг тизим ва ҳудудий ташкилотларига бепул тарқатилди. “Янги Ўзбекистон Конституцияси” ягона миллий портали “konstitutsiya.gov.uz” ва унинг мобил иловаси ишга туширилди.
Парламент, суд ва ижро ҳокимияти, жойларда ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари янгича конституциявий шароитда иш бошлади. Умуман, барча давлат органлари Бош қомусимизнинг ҳар бир қоидасини тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилишига масъуллиги, натижадорлик эса – бош мезон этиб белгиланди.
Олий Мажлис томонидан 100 га яқин қонунларни Конституцияга мувофиқлаштириш бўйича дастур тасдиқланди. Судлар томонидан конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри ва бир хилда қўллаш бўйича Олий суд Пленуми қарори қабул қилинди. Биргина, ўтган бир йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан Конституцияни тўғридан-тўғри қўллаб, чиқарилган суд қарорлари 749 тани ташкил этган.
Конференцияда қайд этилганидек, Ўзбекистон ижтимоий давлат, деб эълон қилинди. Ижтимоий давлат, деганда, аввало, ўз фуқароларига муайян минимал фаровонликни кафолатлайдиган давлат тушунилади. Янги Ўзбекистоннинг асосий мақсади – ҳар бир фуқарога ғамхўрлик қилиш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатлами учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашдан иборат.
Шулардан келиб чиқиб, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалари қарийб уч бараварга ортди. Жумладан, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсонга муносиб яшашини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда белгиланиши, фуқароларнинг тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан олишга ҳақлилиги ва бошқалар белгиланди. Ижтимоий давлатга хос бўлган барча элементлар Конституциямизда акс эттирилди.
Тадбирда қайд этилганидек, ўтган даврда миллий қонунчилик базасини ташкил этувчи 30 мингдан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари тўлиқ хатловдан ўтказилди. Ҳуқуқий таъсир чораларини мутаносиблик принципига мослаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши кўзда тутилди.
Ўзбекистоннинг демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни ривожлантириш концепциялари лойиҳалари тайёрланди. Принципиал аҳамиятга эга 50 га яқин муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Парламентнинг демократик қиёфаси тубдан ўзгарди. Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари кенгайди. Парламент назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчилик таклифларини илгари суриш тартиби, қонунларни қабул қилиш жараёни такомиллашди. Сиёсий партия фракциялари раҳбарларининг мақоми ошди. Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари корпусини шакллантиришнинг янги тартиби ишлаб чиқилди.
Тадбирда Конституцияни изчил амалга ошириш бўйича устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Унинг мазмуни ҳар давлат хизматчисининг кундалик фаолиятида, инсонлар ҳаётида аниқ акс этиши зарурлиги қайд этилди. Мазкур жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини кенгайтиришга келишиб олинди.
Қизғин баҳс-мунозаралар майдонига айланган муҳокамаларда иштирокчилар томонидан аниқ таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.