Ортга қайтиш Чоп этиш

“Депутатлар иш фаолиятини ташкил этиш: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди

 

Жорий йилнинг 21 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлар институти ва Конрад Аденауэр номидаги фонднинг минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида “Депутатлар иш фаолиятини ташкил этиш: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Конрад Аденауэр номидаги фондининг минтақавий ваколатхонаси вакиллари ва Парламент тадқиқотлари институти, Қонунчилик палатаси девони ходимлари, ходимлари иштирок этди.

Парламентаризм энг долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал этиш, замонавий таҳдид ва хавф хатарларнинг олдини олишда муҳим давлат  ҳокимияти институтидир. Шу боис, тараққиёт йўлини кўзлаган ҳар бир мамлакат парламент фаолиятини ривожлантиришга катта эътибор беради. Бугун мамлакатимиз парламентида қонун ижодкорлиги, парламент назорат фаолияти, халқаро ҳамкорлик йўналишларида принципиал янгиланишлар юз бермоқда. Шу билан биргаликда, илғор хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш асосида парламент фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Парламент тадқиқотлари институти ва Конрад Аденауэр номидаги фонднинг минтақавий ваколатхонаси томонидан ташкил қилинган давра суҳбатида Ўзбекистон ва Германия парламентларида депутатлар фаолиятини ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, фонд раҳбари Андре Алгермиссен Германия парламенти, яъни Бундестаг депутатларининг иш фаолияти, парламент қўмиталарида ишни ташкил қилиш ва қонун ижодкорлиги жараёнлари тўғрисида батафсил маълумот берди. Депутатларнинг сайловчилар билан мулоқоти, қонун ташаббускорлиги ва ҳар кунлик иши қай тартибда ташкил этилиши юзасидан тўхталиб ўтди.

Тадбирда шунингдек, Ўзбекистонда Давлат бюджетини қабул қилиш ва ижросини назорат қилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ўрни юзасидан Давлат бюджети бошқармаси бошлиғи маъруза қилди. 

Тадбир давомида депутатлар Бундестаг фаолияти юзасидан ўзини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Давра суҳбатида иккала мамлакатлар парламентлари фаолиятида умумий ўхшашликлар мавжудлиги ва ўзаро ҳамкорлик парламентлар фаолиятини янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди. 

Учрашув якунида томонлар бу каби давра суҳбатларини доимий ташкил этишга ва ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ҳақида келишиб олишди.