




Жорий йилнинг 25 апрель куни Тошкент давлат юридик университети ва Парламент тадқиқотлари институти томонидан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталари фаолиятини такомиллаштириш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Парламент тадқиқотлари институти ходимлари, Тошкент давлат юридик университети, Гданьск университети, Москва давлат юридик университети, Қозоғистон давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Сўнгги йилларда Олий Мажлис палаталари мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг асосий ташаббускорига айланмоқда. Қонун ижодкорлиги, назорат фаолияти, халқаро ҳамкорлик йўналишларида принципиал янгиланишлар юз бермоқда. Янги таҳрирдаги Конституциямиз нормаларини ҳаётга изчил татбиқ этишда фаол иштирок этмоқда.
Тадбирда парламент палаталари қўмиталарининг аҳамияти, ўрни ва асосий вазифалари, мавжуд муаммолар, уларнинг илмий-назарий ечимларига бағишланган ғоя ва концепциялар илгари сурилди.
Таъкидланганидек, бутун дунёда парламент тизимида қўмиталар парламентнинг асосий ишчи органи ҳисобланади. Улар қонун лойиҳалари ва бошқа масалаларни муҳокама қилишдек муҳим вазифани бажаради. Ҳар бир қўмита, одатда, молия, соғлиқни сақлаш, таълим, ташқи ишлар каби аниқ соҳага ихтисослашади. Соҳа долзарблигидан келиб чиқиб, қўмиталар доимий ёки вақтинчалик асосда тузилиши, янги сайланган депутатлар мутахассислигига кўра тақсимланиши, қўмитада уларнинг сони 6-15 тагача бўлиши мумкин.
Анжуман иштирокчиларида Польша Сейми, Қозоғистон Миллий Мажлиси, Беларусь Миллий Мажлисида қўмиталар фаолиятини ташкил этишга оид тажриба катта қизиқиш уйғотди.
Масалан, Сеймда Бюджет қўмитаси доимий асосда тузилиб, давлат бюджети ижросини, хусусан, харажатлар қисми унинг 60% дан ошмаслигини қатъий назорат қилади, банк-молия тизимига масъул органларга сўровлар юборади, давлат органлари самарадорлигини баҳолайди.
Конференцияда соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш, уни янги конституциявий-ҳуқуқий тамойиллар асосида ташкил этиш, мазкур жараёнда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш каби масалаларга эътибор қаратилди.
Қизғин баҳс-мунозаралар майдонига айланган муҳокамаларда иштирокчилар томонидан аниқ таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.